АсосийJamiyat

Суиистеъмолликларга йўл қўйган нашриётлар танқид остига олинди

2013 йилда олиб борилган мониторинг ва таҳлиллар асосида нашриётлар томонидан лицензия шартномаларини бажаришда турли суистеъмолликларга йўл қўйилгани аниқланган ва 20 га яқин нашриётга тақдимнома ва кўрсатмалар киритилган...

Бу ҳақда бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган “Оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар фаолиятини эркинлаштириш жараёнлари: қонуний талаб, муаммо ва ечимлар” мавзусидаги матбуот анжуманида маълумот берилди. 

Шунингдек маълумотларда қайд этилишича, 2013 йил март ва 2014 йил январь ойларида лицензия шартномаларини бажаришда турли суистеъмолликларга, мазмунан саёз, ижтимоий жиҳатдан аҳамиятсиз китоблар нашр этишга йўл қўйган 7 та нашриёт фаолияти Вазирлар Маҳкамаси Ноширлик фаолиятини лицензиялаш комиссияси қарорига мувофиқ тугатилди. 

- Мен бир нарсага ҳайрон қоламан, - дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори А.Юнусов ушбу соҳага доир маълумотларни тақдим этаркан, - юртимизда 108 та нашриёт фаолият юритаётган бўлса-да, Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликлар чоп этилишида эълон қилинадиган тендерда фақатгина икки ёки учта нашриёт иштирок этади. Ваҳоланки, мавжуд 108 та нашриётнинг асосий қисми дарсликларни чоп этиш ҳуқуқига эга.

Айни ана шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда, ношир ва матбаачилар масъулиятини кучайтириш, мазмунан саёз китоблар чиқишига йўл қўймаслик ҳамда замон талабига мос китоблар нашр этилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2014 йил учун мўлжалланган Республика нашриётлари бош муҳаррирлари иштирокидаги амалий-ўқув семинарлари режаси тасдиқланди.

Шу билан бирга, ҳозирда Республика ноширларининг Ноширлик фаолиятини мувофиқлаштириш жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда. Мазкур кенгашга мавзу режаларни шакллантириш, китоблар хилма-ҳиллигини бойитиш, ёшларни миллий ғоя руҳида тарбиялашга оид китоблар салмоғини кўпайтириш, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида нашриётларга методологик маслаҳатлар ва йўналишлар бериш каби вазифалар юклатилиши кўзда тутилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз: жорий йилда ноширлар фаолиятини маънавий рағбатлантириш ва аҳоли ўртасида китобхонлик маданияти тарғиботини кучайтириш мақсадида “Намунавий китоб дўкони” ва Йилнинг энг яхши китоби республика кўрик-танловлари  ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар