АсосийJamiyat

Республика нашрлари энди ҳар бир вилоятнинг ўзида чоп этилади

2013 йилда Хоразм вилоятида газета чоп этадиган замонавий матбаа ускунаси ишга туширилган бўлса, 2014 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида ҳам шундай замонавий матбаа ускуналари ўрнатилади...

Бу ҳақда бугун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Миллий матбуот марказида тизимга оид ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

- Аввалги йиғилишларимизда вилоятларда газеталарни чоп этиш ва вақтни тежаган ҳолда уларни ўқувчиларга тезкор етказишни йўлга қўйиш устида иш олиб бораётганимиз ҳақида айтиб ўтган эдим, - деди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори А.Юнусов матбуот анжуманида журналистларга маъруза қиларкан. - Ҳозирда тизимдаги матбаа корхоналарини модернизация қилиш, янги техника ва технологияларни жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда. “2012-2014 йилларда саноат корхоналарининг маънавий ва жисмоний эскириб қолган жиҳозларини алмаштириш тармоқ графиги” асосида амалга оширилган бир қатор ишлар қаторида “Ўзбекистон” НМИУ томонидан Германия, Хитой ва Туркиянинг замонавий ускуналари ўрнатилганлиги фикримни исботлайди.

Шунингдек, матбуот анжуманида вилоятларда газеталарни чоп этиш ва вақтни тежаган ҳолда уларни ўқувчиларга тезкор етказишни йўлга қўйиш борасида 2-3 та марказий нашрлар мисолида эксперимент ўтказилгани таъкидланди. “Халқ сўзи”, “Маърифат” каби газеталар вилоятдан тушадиган буюртмалари асосида ўша вилоятнинг ўзидаги матбаа корхонасида чоп этилиб, бир соатнинг ўзидаёқ газетхон қўлига етказиб берилиши таъминланган. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, агар ана шу чора-тадбирлар амалга тўлиқ татбиқ этилса, нафақат газетхонларнинг обуна харажати, балки нашрларнинг ўзида ҳам молиявий харажатлар қисқаришига эришиш мумкин.

МАЪЛУМОТ УЧУН: 2014 йилнинг 1 март ҳолатига кўра юртимизда 1750 та матбаа корхонаси фаолият юритмоқда.

    Бошқа янгиликлар