Мухлиса Иброҳимованинг бира-тўла тўрт нафар эгизак фарзанд – икки ўғил, икки қизни дунёга келтирганига бир неча ой бўлганди, холос.
Бироқ, оила аъзоларининг қувончи узоққа чўзилмади: эгизакларнинг бири нобуд бўлди. Сабаб нима? Ноўрин парваришми? Касалликми? Балки, тажрибасизлик сабаб бўлгандир? Чақалоқлар дунёга келган Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бу саволга аниқ жавоб бера олишмаяпти.
Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, мамлакат келажаги бўлмиш ёш авлод камолотига жуда катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бу жараёнда педиатрия ва патронаж хизмати ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, тизимда “Соғлом она – соғлом бола” шиори остида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида касалланиш ва эрта ўлимнинг олдини олиш 2000 йилда Мингйиллик саммитида белгиланган саккизта энг муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон 2015 йилга бориб, оналар ўлими кўрсаткичларини 1990 йилга нисбатан тўртдан уч қисмга қисқартириш вазифасини ўз зиммасига олган. Оналар ва болалар ўлими динамикасини баҳолаш репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, дастурини режалаштириш, мамлакат миқёсида оналик ва болаликни мустаҳғкамлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Ўсмирлар билан ишлаш Репродуктив саломатлик хизматининг муҳим йўналишларидан саналади. Жамиятимизда ва соғлиқни сақлаш тизимида эрта ёшдаги никоҳлар ва туғруқларнинг олдини олиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ўсмирлар билан ишлашда, ёшлар ўртасидаги турли юқумли касалликлар тарқаплшининг олдини олиш борасида соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда акушерлик хизматидаги пешқадам муассаса саналади. У Президентимизнинг тегишли қарорига биноан, Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти ва унинг даволаш базаси, аёллар репродуктив саломатлиги марказлари негизида ташкил этилган.
Марказнинг самарали иш юритишги учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган, Унинг моддий-техник базаси ҳам мустаҳкамланиб бораётир – бино капитал таъмирининг биринчи навбати якунланди, янги тиббий жиҳозлар келтирилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда. Бироқ бу ислоҳотлар жараёнида марказнинг барча ходимлари ўз бурчи ва масъулиятини ҳис қилмаётганга ўхшайди.
Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида февраал ойида бошланган текширишлар давомида, марказ бўлимларидан бирида белгиланган меъёр ва қоидаларни қўпол тарзда бузиш ҳоллари кўзга тушланган.
Хусусан, аборт бўлимида амалга оширилган 61 та кичик жарроҳлик операцияларидан 51 таси стерилланмаган шароитларда ўтказилган. Ахир ушбу муассаса ходимлари ўз ишларига нисбатан юксак масъулият ҳисси билан бошқаларга ўрнак бўлишлари керак эмасмиди?
Марказ мутасаддиларининг бундай ҳолатларда ҳамма айбни тажрибасиз тиббий ходимларга ва ёш ҳамшираларга юклаб, ўзларини оқлашга уринишлари кишини таажжубга солади, холос. Ахир қайси тиббиёт маскани раҳбари ҳар қандай тартиб ва меъёрларнинг бузилишига бефарқ қараб тура олади.
Марказ раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола соғлигини сақлаш,, соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2011 йилда чиқарган 378-сонли қарорида кўрсатилган талабларни ҳам бузишган. Аниқроғи, ушбу қарорнинг еттинчи бандини.
Бу ерда янги туғилган гўдаклар патология бўлими йўқ. Ҳозирги пайтда бунга ҳожат ҳам йўқдек кўринади. Чунки бу марказда илмий фикр ва қарашлар такомиллашади, бу ерда кўплаб малакали мутахассислар хизмат кўрсатади, айнан патология бўлими ходимлари энг масъулиятли вазифа – инсон ҳаётини асраб қолишни ўз зиммаларига олишади.
Бироқ, бундай бўлим йўқ экан, демак, туғруқ жараёнида юзага келадиган турли муаммоларни бартараф этиш, гўдаклар ҳаётини сақлаб қолиш, уларнинг ота-оналарини фарзанд доғидан қутқаришнинг ҳам иложи бўлмаслиги мумкин.
Мухлиса Иброҳимова ҳам ана шундай фожиа билан тўқнашди. У ўз чақалоқларининг дунёга келишидан фақат шодланиши лозим эди.
Тўртта эгизакнинг бирваракайига туғилиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса саналади. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг ушбу чақалоқларга Тошкент шаҳридан уч хонали уй бериш ҳақида қарори ҳам имзоланган. Бироқ ҳукуматнинг бу совғаси ҳам энди бу онага татимаслиги аниқ.
Бу нохуш ҳодиса наинки она, балки, ушбу марказнинг оқ халатга доғ туширган масъулиятсиз қалбида ҳам ўчмас из қолдирди. Бу ҳодисанинг “Соғлом бола йили”да юз бергани янада ачинарлидир.
Зеро, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам юртимиз келажаги бўлган авлодни соғлом дунёга келтириш ва баркамол этиб тарбиялашга катта эътибор қаратилган. Азалдан халқимиз ҳам болажонлиги билан ажралиб туради. “Болали уй – бозор, боласиз уй – мозор” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.
Бундай нохуш ҳолатлар юртимиздаги ҳеч бир хонадонда такрорланмаслигини тилаб қоламиз.
Хуршида Нодирова