Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган «Driver`s Village» автосалонида янги автомобиль тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўрта ўлчамдаги етти ўринли янги автомобиль «Chevrolet Cruze» русумидаги седан платформаси асосида яратилди. «General Motors Korea» жамоаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу ихчам автомобиль ўзига хос ажойиб дизайни билан ажралиб туради.
Хоразм вилоятида ишлаб чиқарилаётган ушбу автомобиль 141 от кучига эга, 100 километрга ўртача 7,9 литр ёнилғи сарфлайдиган тежамкор двигатель ва олти поғонали автоматик трансмиссия билан жиҳозланган.
«Chevrolet Orlando» шинамлиги, салонининг кенглиги ва юк ташиш имкони мавжудлиги билан ҳам эътиборлидир. Буюмларни қўйишга мўлжалланган махсус жойларнинг кўплиги ҳайдовчи ва йўловчилар учун қўшимча қулайлик яратади. Приборлар панели эса кўплаб вазифаларни бажара олади.
Автомобиль олд ва ён томондан хавфсизлик ёстиқчалари, бошқарув рулининг паст-баландлигига қараб тормознинг ўз-ўзидан блокировкага тушиб қолишига қарши тизим, орқа томонни кўриш учун ён кўзгулар, олд ўриндиқларни тўрт томонга ҳам мослайдиган функциялар билан таъминланган. Шунингдек, ёмғир датчиги, ҳарорат, тезликни ҳайдовчи иштирокисиз назорат қилиш қурилмалари ва бошқа қулайликларга эга.
«General Motors»нинг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган замонавий «Chevrolet Orlando» ўзининг ажойиб дизайни ва хавфсизлик тизими, юксак техник хусусиятлари билан нафақат Ўзбекистон, балки хорижлик харидорларга ҳам манзур бўлади.