Италияда ишлаб чиқарилган ва Тошкентда синовдан ўтказилаётган Iveco микроавтобуслари юқори сифат кўрсаткичларни қайд этди. Бу ҳақда “Туркистон-пресс” АА хабар бермоқда.
«Пойтахт транспорти» газетаси «8-сонли автосарой» таркибида 20м-сонли «Юнусобод-12 – Фарҳод бозори» йўналиши бўйича 8 та жадвал асосида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи MiniBus Trans компанияси ташкил этилгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу йўналишларда «Ўзавтосаноат» АК томонидан ҳарид қилинган, Италияда ишлаб чиқарилган 13 ва 19 кишилик Iveco микроавтобуслари 6 ой давомида синов тариқасида тасарруф этилган.
Агентлик маълумотларига кўра, Тошкент кўчаларидаги дастлабки 10 минг километрлик ҳаракат натижаларига кўра, Iveco микроавтобуслари юқори сифат кўрсаткичларини қайд этган ва пойтахт кўчаларига мос келиши аниқланган. Микроавтобуслар ўзининг юмшоқ юриши, юқори даражада қулайлиги ва бошқарув тизимининг компьютерлаштирилгани билан ажралиб туради.
Хабарда қўшимча қилинишича, олти ойлик синов муддати якунига етгач, унинг натижаларига кўра, Iveco микроавтобусларини Тошкентда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари мумкин. Микроавтобуслар собиқ Тошкент авиация ИЧБ негизида ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.