АсосийJamiyat

Март ойидан келаси куз-қиш иситиш мавсумига тайёргарлик бошланди

Миллий матбуот марказида “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси ходимлари 2014-2015 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар хусусида журналистларга сўзлаб берди.   

Мамлакатимиз иқлими ҳаво ҳароратининг кундузи ва кечаси, ёзда ва қишда ўзгариши билан ажралиб туради. Бу йилги қиш фаслида совуқ кунларнинг узоқ давом этгани ҳам бунинг яққол исботидир. Бундай шароитда газ-транспорт тизимига тушадиган оғирлик кескин ортиб, соҳа ходимларини икки ҳисса кўп меҳнат қилишга мажбур этади.

Келгуси қиш фасли қандай бўлишидан қатъи назар, энг паст ҳаво ҳарорати ҳисобга олинган ҳолда корхоналар ва аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш учун пухта тайёргарлик кўриш зарур.

Матбуот анжуманида навбатдаги куз-қиш иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва газ тақсимоти тизимини текшириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар жорий йилнинг март ойидан бошланиб, 1 сентябрга қадар давом этиши маълум қилинди. Жумладан, 112 километрдан ортиқ газ қувури капитал таъмирланади, 139 километри реконструкция қилинади. Шунингдек, фойдаланилаётган газ қувурларининг ишончли ишлаши уларга газ узатиш босимини ошириш ва техник кўрик орқали текширилади. 75,4 мингдан ортиқ газ тақсимлаш пункти техник жиҳатдан текширилиб, зарур ҳолларда капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Авария юз берган вазиятларда қайта тиклаш ишларини амалга оширадиган хизматларни шай ҳолатга келтириш, уларнинг туну кун навбатчилигини ташкил этиш, зарур транспорт ва моддий-техник воситалари билан таъминлаш масалаларига ҳам доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди. “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси томонидан шу мақсадда қўшимча 14 экскаватор ва 150 та “DAMAS VAN” фургони харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилди.

Шунингдек, соҳа мутахассислари аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишларни давом эттирмоқда. Ўтган йили ҳудудлар аҳолиси эҳтиёжи инобатга олиниб, уларга 564 мингдан зиёд маиший газ баллони етказиб берилди. Газ баллонларини сотиш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган йигирмадан ортиқ янги пункт фойдаланишга топширилди. Уларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари харид қилинди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида аҳолини иссиқлик энергияси ва газ билан узлуксиз таъминлаш фойдаланилган энергия ҳамда газ учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишига боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.

Мутасадди идоралар томонидан ушбу йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда, газ тармоқларига рухсатсиз уланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича доимий комиссия тузилган. Қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, етказилган зарар учун жарималар ундирилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

    Бошқа янгиликлар