Тошкент шаҳар ҳокимининг шу йил 10 март куни имзоланган қарорига биноан, март-апрел ойлари Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги деб эълон қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, Ойликни ўтказиш бўйича шаҳар ишчи гуруҳи, амалга оширилажак тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди. Жорий йилнинг 15 март куни умумхалқ хайрия шанбалиги ўтказиладиган бўлди.
Шаҳар ишчи гуруҳи зиммасига мутасадди идора ва ҳокимликлар билан бирга ушбу тадбирлар доирасида аҳоли яшаш жойлари, кўп қаватли бинолар, уйлар атрофлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлакларни, шунингдек болалар майдончаларини тартибга келтириш, барча турар жой мавзелари, маҳаллаларда гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш, бўш ҳудудларда боғлар барпо этиш, мавжуд дарахтларни буташ ва оқлаш каби кўплаб ташкилий ишларни амалга ошириш топширилган.
Эътиборли жиҳати, қарорда ишчи гуруҳига кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш вазифаси ҳам юкланган.
Мутасадди ташкилотлар ойлик давомида ва шанбалик куни тўпланадиган чиқиндиларни ташкилий равишда олиб чиқилиши учун зарур техник воситалар ва анжомларни таъминлаши кўрсатиб ўтилган.
15 март куни ўтказиладиган хайрия шанбалиги доирасида барча муассаса, ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш ҳақлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилангани қайд этилган.
Дарҳақиқат, бу маблағлар қай тарзда сарфланади? Мазкур савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Қарорда белгиланишича, ушбу маблағлар “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, кам таъминланган оилаларга, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллалардаги мавжуд спорт майдонларини жорий таъмирлаш, уларга керакли анжомлар харид қилиш каби мақсадларга йўналтирилади.
Баҳорни бежиз “янгиланиш фасли” дейишмайди. Ахир халқимизнинг энг азиз шодиёнларидан бири бўлмиш Навўзи олам яқин. Наврўз кун-у туннинг тенглиги баробарида янги йилнинг бошланиши ҳамдир. Янги йилга эса яхши ният, эзгу амаллар билан қадам қўйишга нима етсин. Шундай экан, халқимизнинг азалий қадриятларидан саналмиш умумхалқ ҳашарига марҳамат.