АсосийJamiyat

Мутасадди идораларнинг ишонч телефонлари ишламаяптими?

Аҳоли учун интерактив давлат хизматларидан эркин фойдаланишларига имконият яратилган бўлсада, вазирликларнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш эҳтиёжи мавжуд. Таҳририятимизда муштарийлар томонидан бўлаётган мурожаатлар орасида айрим вазирликлар ишонч телефонларининг ишламаётгани билан боғлиқ масалалар ҳамон учраб турибди. Қуйидаги мурожаат ана шулардан бири:

Кўпинча вазирлик ёки бошқармаларнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб туша олмаймиз. Уларга ўз мурожаатимизни, муаммоларимизни айтиш учун кўп бор урунишимизга ёки пул сарфлаб вазирлик ёки бошқарманинг ўзига боришимизга тўғри келади. ташкилотлар мавжуд ишонч телефонларини назоратга олишса ҳаммамиз учун яхши бўларди.

(Дилафрўз Эшонқулова Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани)

Ана шундай мурожаатларни инобатга олиб, бу мавзуга қайтишга қарор қилдик. Ҳар бир вазирликда мавжуд ишонч рақамлари фаолияти билан қизиқдик.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг (8-371) 232-65-55,

Ўзбекистон Ресспубликаси Молия вазирлигининг (8-371) 200-50-50,

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг (8-371) 241-00-42,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (8-371) 239-47-95,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (8-371) 233-39-39,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг (8-371) 269-82-00,

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (8-371) 246-37-12,

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор хизмат гуруҳи рақами (8-371) 234-87-20,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 1-008 қисқа рақами ва (8-371) 236-05-09,

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг (8-371) 236-05-09 ишонч телефон рақамлари орқали мурожаатлар қабул қилинаяпти. Ушбу вазирликнинг ишонч рақамларига биз биринчи урунишдаёқ улана олдик. Муштарийларда ҳам бу борада муаммо бўлмаслиги аниқ.

Газетамизнинг 30.08.2012 йилдаги 35-сонида ҳам айни шу мавзу юзасидан ўтказган суриштирувимизда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ишонч рақамлари сифатида бизга (8-371) 239-41-12 рақами тақдим этилган эди. Аммо бугунги кунда бу рақам билан боғланиш муаммо. Эҳтимол мазкур вазирлик ишонч телефон рақами ўзгаргандир, деган умид билан ушбу давлат органининг www.mehnat.uz сайтига кириб тегишли рақамни изладик. Аммо топа олмадик. Шундан сўнг сайтдаги (8-371) 239-41-13 рақамига қўнғироқ қилиб, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун ташкил этилган рақамни аниқлашга уриндик. Аммо гўшакни кўтарган вазирлик ходими ишонч телефонининг ишлаётгани ёки ишламаётгани борасида бирор фикр айта олмади. Ходим вазирликда фуқаро мурожаатларини қабул қилиш кунларида аҳолига хизмат кўрсатадиган (8-371) 239-88-50 рақамлари мавжудлигини айтди. Биз ушбу рақамга ҳам бир неча кун мобайнида қўнғироқ қилдик. Аммо уринишимиздан ҳам натижа чиқмади. Вазирликнинг ушбу рақамига ҳам ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ишонч рақами (8-371) 239-46-48. Гарчи вазирликнинг ишонч телефон рақамлари мавжуд бўлса-да, суриштирувимиз жараёнида факсга уланиш сигналидан сўнг қўнғироғимиз жавобсиз қолаверди. Вазирликнинг интернетдаги сайти орқали матбуот хизматининг (8-371) 239-17-35 рақамини олдик ва қўнғироқ қилиб, нима учун ишонч телефони ишламаётгани ҳақида сўраганимизда, ушбу рақам доимий равишда ишлаб тургани ва одамларнинг саволлари қайд дафтарига мунтазам ёзиб борилаётгани ҳақида айтишди. Балки бу рақамга қилинган қўнғироқларни қабул қилиши керак бўлган кишилар бирор бошқа иш юзасидан хонадан чиққан бўлишлари мумкин деган таҳмин ҳам айтилди.

Вазирликларнинг ишонч телефонлари борасида ўтказган рейтимизни бур муддат кейинроқ чоп этишга қарор қилиб, ушбу фурсат давомида ҳам қўнғироқларга жавоб бермаган ҳар икки вазирликнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб турдик. Аммо афсуски орадан гарчи қарийб икки ҳафта ўтган бўлса ҳам ҳали ҳамон қўнғироқларимизга ҳеч ким жавоб бермади.

Аксарият вазирликларнинг ишонч рақамлари ишлаб турибди. Агар сиз вилоятдан ушбу рақамларга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, рақамлар олдига Тошкент шаҳри коди - 8-371 рақамини терган ҳолда боғланишингиз мумкин.

Суриштувни хонамиздаги телефондан туриб амалга оширишга киришар эканмиз, диктофонни ёққан ҳолда бирма-бир вазирликларнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қила бошладик. Чунки ўтган давр мобайнида вазирликнинг ишонч рақамлари ўзгарган ва шу сабаб ҳам аҳоли ушбу рақамларга туша олмаётган бўлишлари мумкин.

Шу ўринда яна бир гап. Юқоридаги вазирликларга қўнғироқ қилиб ўзимизни таништириб, кундалик мурожаатлар юзасидан фикрларини сўраганимизда уларнинг аксарияти бу ҳақда маълумот беришни истамади. Лекин уларнинг бир нечтаси фуқароларнинг ўзлари ҳам амал қилишлари лозим бўлган талабларни фуқароларимизга етказишимизни илтимос қилишди.

“Бирор муаммо билан бизга қўнғироқ қилаётган шахс исм, фамилияси, манзили каби маълумотларни қолдириши шарт. Бироқ кўпчилик муаммоим ҳал қилинса бўлди, мен ўзим ҳақимда ҳеч қандай маълумот бермайман, деган фикрларни ҳам билдиришади. Бу нотўғри! Фуқаро бирор ишонч телефонига ўз мумамоси билан қўнғироқ қилар экан, ўзи ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиши лозим, акс ҳолда биз унинг мурожаати аноним саналади ва қайд этилмайди, унга чора кўрилмайди” деган фикрни билдирди.

Тўғри, дарҳақиқат ишонч телефонига қўнғироқни амалга оширишда ҳар бир  фуқаро ўзи ҳақида маълумот бериши лозим. Лекин мурожаатчининг илтимосига кўра Вазирлик ёки тегишли бошқа идора шахс ҳақидаги маълумотларни сир сақлаши лозим, шундай қилинади ҳам. Биз ҳам ўзи ҳақида маълумот қолдирмаслик аноним қўнғироқлар сирасига киришини ва кўриб чиқилмаслигини маъқуллаймиз, лекин ушбу мурожаатчининг фикрларидан келиб чиқиб, у ўзи ҳақида ҳеч қандай маълумот қолдирмаганда ҳам у айтган муаммо юзасидан таҳлил олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлармиди...

“Одатда чекка қишлоқлардаги фуқаролар шу рақамлар орқали ўз муаммоларини айтгани қўнғироқ қилишади. Баъзилари эса гарчи мурожаати бизнинг вазирликка тегишли бўлмаса ҳам муаммоларини хал қилиш истагида қўнғироқ қилишади. Биз уларга аввало ўз ҳудудингиздаги вазирликнинг қуйи тизимларига мурожаат қилинг, деб тушунтирамиз. Шуни айтиш лозимки, кўпчилик ўз яшаш жойи яқинидаги қуйи тизимларга қўнғироқ қилмасдан тўғридан-тўғри вазирликка мурожаат қилишади. Тўғри, муаммолар ўз ечимини топмаса қўнғироқ қилишлари ўринли, фақат қуйи тизим буни ҳал қила олмаган ёки эшитмаган тақдирда. Биз бирор муаммоси ҳал қилиниши истагида қўнғироқ қилган ҳар бир кишидан аввал қўйи тизимга мурожаат қилдингизми? деган саволни берамиз. Афсуски аксариятлари биринчи бўлиб бизга мурожаат қилаётганликларини айтишади. Биз эса уларга аввал ўз ҳудудингиздаги қуйи тизимларга мурожаат қилишларини айтиб керакли рақамларни берамиз. Одатда уларнинг муаммолари ўша қуйи тизимнинг ўзидаёқ ечим топади. Агар муаммо ечимини топмаса, уларнинг арзини ҳеч ким эшитмаса, бизга қўнғироқ қилишларини айтамиз. Биз ҳам кўплар қатори одамларнинг муаммолари ўз ечимининг топиши тарафдоримиз.”

Дарҳақиқат, афсуски бу ҳолатнинг борлиги рост. Чунки таҳририятга қўнғироқ қиладиган баъзи фуқароларимиз ҳам бу газета таҳририяти  эканини унутиб қўйган ҳолда таҳририят ваколатига кирмайдиган талабларни айтишади. Биз ҳар қандай муарожаатни хат ёки қўнғироқ асосида қабул қилиб мурожаатни тегишлилиги бўйича керакли ташкилотга жўнатамиз.

Суриштирувлардан ҳам кўриниб турибдики, аксарият вазирликларнинг ишонч рақамлари ўзгармаган, аҳолининг барча саволларига, мурожаатларига “лаббай” деб жавоб бераяпти. Аммо бу борадабир неча кун мобайнида бир неча қўнғироқлар орқали ҳам ишонч рақамини аниқлаш имконияти бўлмаган, уланишнинг имконияти бўлмаган ишонч рақамлари ҳам бор. Агар уларнинг фаолияти ҳам кўнгилдагидек йўлга қўйилса, одамларнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлган бўлармиди? Биз суриштирувни уларни назоратга олиш ёки бирор бошқа истакда ўтказганимиз йўқ. Бу мақоланинг тайёрланишига ўнлаб фуқароларимизнинг илтимослари, қўнғироқлари туртки бўлди. Тўғри, балки ташкил қилинган www.my.gov.uz сайти орқали аҳоли қўнғироқ қилиб уланиш имконияти бўлмаган вазирликларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ўз муаммоларининг ечимини топаётгандир, бироқ айнан ишонч телефонларга эҳтиёж сезаётган аҳоли вакиллари биздан шу мавзуда чиқиш қилишни илтимос қилганликлари учун ҳам тайёрланди бу материал. Биз яқин кунларда вазирликнинг ана шу ишонч рақамлари ишлашига, қўнғироқлар бирин-кетин қабул қилинишига тилакдошмиз.

Умида Якубова тайёрлади

    Бошқа янгиликлар