Тошкент вилояти божхона бошқармасида шахсий таркиби ўртасида тамагирлик, порахўрлик, хизмат ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқишлик каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, коррупцияга қарши курашиш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида навбатдаги профилактик тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитаси ўз хавфсизлиги бошқармаси, Тошкент вилояти прокуратураси, Адлия бошқармаси, жиноий ишлари бўйича суди вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг божхона тизими ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ички бозорини ҳимоя қилувчи, давлат хазинасини тўлдирувчи ҳамда бошқа бир қатор муҳим давлат аҳамиятига молик вазифаларни бажарувчи муҳим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органи ҳисобланади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидаёқ ташкил этилган мазкур тизим бугунги кунда такомиллашиб ва ривожланиб, кучли моддий техника базасига эга бўлган, билимли ва юқори малакали ходимлар хизмат қиладиган нуфузли ташкилотга айланган.
Ҳозирги кунда божхона ходимлари томонидан Контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига ҳамда божхона чегаралари орқали товарларни ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашиш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий ҳокимликлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, Ватанимиз сарҳадлари орқали республикамиз ҳудудига қурол-яроқ, наркотик ва психотроп моддалар, диний экстремистик адабиётлар ҳамда сифатсиз товар-моддий бойликларини кириб келишини олдини олиш билан бирга, стратегик аҳамиятга эга бўлган хом ашёлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа тарихий ахамиятга эга бўлган ёдгорликларни ноқонуний олиб чиқиб кетилишини олдини олинмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатимизнинг янада равнақ топишида фидойи ва ўз касбига садоқатли божхона ходимларининг ҳиссаси катта. Бунда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Ушбу натижаларга тизимнинг самарали ишлаши, Давлат божхона қўмитаси томонидан белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши ҳамда ҳукуматимизнинг божхона органларига қаратган алоҳида эътибори эвазига эришилган.
Агар мустақилликнинг дастлабки йилларида божхона ходимлари чегара ҳудудларда оддий вагон типидаги постларда фаолият юритган бўлсалар, бугунги кунга келиб замонавий техник воситалар билан жиҳозланган, ходимларнинг нормал ишлашлари ва дам олишлари учун етарли шароитларга эга бўлган стационар божхона постларида хизмат олиб бормоқдалар.
Шунга қарамай, божхона ходимлари орасида ҳам ўз хизмат вазифаларидан оғишга уриб, шахсий манффатларини устун қўйишга уринаётган ходимлар ҳам учраб турганлиги тадбирда афсус билан қайд этилди.
2017 йилнинг ўтган 11 ойи давомида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 31 марта хизмат интизоми бузилганлиги аниқланиб, хизмат интизоми бузилганлиги, ДБҚ Ҳайъати, Кенгаш қарорлари ва йиғилиш баёнлари асосида жами 134 нафар ходим турли интизомий жазоларга тортилган бўлиб, шундан 7 нафар ходим тизимдан бўшатилган.
Ходимлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш, муҳитни соғломлаштириш, ножўя ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида ўтган даврда 12 нафар ходим бошқа лавозимга, 2 нафар ходим эса бошқа ҳудудий бошқармаларга навбатдан ташқари ротация тартибида ўтказилиб юборилган.
Тадбирда давлатимиз томонидан яратиб берилган қулай ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, фаолиятини олиб бориши учун божхона тизими ҳам масъул ва жавобгар ҳисобланаши. Шу сабабли фаолиятда учраётган божхона ходимлари томонидан қўйилган сунъий тўсиқлар, тамагирликлар ва бошқа салбий ҳолатлар ҳақида куну тун ишлаб турган 235-0761, 120-86-10 ва 120-86-24 рақамли ишонч телефонлари орқали хабар бериши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар долзарб мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.






