Тошкент шаҳар ИИББнинг 9 декабрь, шанба куни бўлиб ўтган матбуот брифингида шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Бобир Деҳқонов Тошкентда бир хонадоннинг уч қизи кетма-кет вафот этгани юзасидан маълумот берди.
Прокуратура вакилининг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Тансиқбоев мавзесидаги хонадоннинг уч қизи бирдан вафот этгани юзасидан дастлабки экспертиза хулосаси олинган. Унга кўра, опа-сингил Қосимовалар ўлими гипотензив дори воситасидан ўткир заҳарланиши натижасида организмнинг умумий интексикацияси, ўткир юрак-қон томир етишмовчилигидан юз берган.
“Тергов ҳаракатлари давомида қизлар яшаган хонадондан дори воситалари, улар истеъмол қилган маҳсулотлар экспертиза текширувига берилган. 8 ноябрь куни ушбу жиноят иши қўзғатилган бўлса, 16 ноябрда тергов органи томонидан дастлабки экспертиза хулосаси олинган. Ҳозирда тергов тўлиқ якунланмаган. Экспертиза хулосаси илмий асосланмаган. Шу сабабли яна қўшимча комплекс экспертиза тайинланган. Бунда қизлар яшаган хонадондан ҳамда дорихонадан харид қилинган 14 хил дори воситалари текширувга олинган”- деди Б.Деҳқонов.
Қизларнинг ўлими сабаби якуний комплекс экспертиза хулосасидан сўнг маълум қилинади.






