1

Муҳаммадсоли Юсупов: “Гап қаерда эмас, қандай ишлашда!”

ШОУ-БИЗНЕС 15.03.2014, 15:47
Муҳаммадсоли Юсупов: “Гап қаерда эмас, қандай ишлашда!”

Шундай санъаткорлар борки, минглаб роллари билан томшабинлар қалбидан жой ололмаган ва аксинча, биргина роли билан қалбларнинг туб-тубига ўрнашган. Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсуповни иккинчи тоифадаги ижодкорлар қаторига киритиш мумкин. “Темир хотин” спектаклини кўрмаган, ундаги бош қаҳрамоннинг жайдари, беғараз ҳазилларига кулмаган ўзбек томошабини камдан кам топилади. Тўғри, актёрнинг бош роллари ҳақида гап кетганда бармоқларимиз сони кифоядир, бироқ эпизодик роллар билан ҳам машҳурликка эришиш мумкинлигини у ўз ижодида исботлади. Демак, бугун Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсуповнинг умр бекатларига тўхталамиз...

1-бекат: Ўқитувчилар хонасидаги миниатюра

1955 йил 1 январ Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида туғилганман. Ота-онам ўша пайтда Марғилон ипак комбинатида ишлашган. Оилада тўнғичи мен эдим. Мендан кейин икки укам ва уч синглим бўлган. Рости, болалигимда санъаткор бўламан деб ҳеч ўйламагандим. Аммо ойнаи жаҳон орқали эфирга бериладиган барча телеминиатюраларни, “Шум бола” каби спектаклларни томоша қилишни ҳеч канда қилмасдим. Шунинг учун ҳам менинг биринчи устозим бу — телевидиние! Эфирга берилаётган ҳазилларни мароқ билан эшитиб, мазза қилардим.

Эсимда, синфдошим Набижон Собиров билан доим телеминиатюрада берилган ҳазилни ёдлаб, ҳар куни ўқитувчилар хонасида ўйнаб берардик. Мен — Эргаш Каримов, дўстим Набижон эса Ҳасан Йўлдошев ролида бўларди. Бизнинг қобилиятимизни кўрган ўқитувчиларимиз “Сенлар албатта артист бўласан!” деб кўп такрорлашарди. Улар айтгандек, мен санъат соҳасини танладим. Дўстим эса журналист бўлиб ишламоқда.

2-бекат: Кўчган тош ва илк маош

Болалигим ҳақида гап кетганда бир воқеани кўп эслайман. 15-16 ёшларда эдим. Ёз. Дадам “Таътилда бекор юрмагин” деб мени тоғамга қўшиб  Чотқолдаги қурилишга юборди. У ерда катта-катта тошлардан  дўкон, мол-қўйлар учун турли қўрғонлар қурардик. Мен билан бирга ишлаётган дўстим ҳам бор эди. Бир куни тоғ тепасида турган тошни олиб тушамиз, деб дўстим билан жуда ноқулай ва ваҳимали вазиятни бошдан ўтказганмиз. Узоқдан ўрта ҳажмда кўринган тош ёнига борганимиздан кейин жуда баҳайбат эканини кўрдик. Аммо узоқ баландликка чиққандан кейин қуруқ қўл билан қайтиш йўқ. Ўзимизча, кучимизга ишониб уни пастга ирғитиб, олиб тушамиз деб ўйлагандик. Аммо оғир тош бизнинг бошқаришимизга кўнармиди? Жойида силжиши билан пастга катта тезликда туша бошлади. Ўзи билан эса йўлида учраган бошқа тошларни ҳам етаклагани эсимда. Тасаввур қилинг, тоғ пастида қурувчилар иш билан банд. Тошни катта тезликда келаётганини кўриб, ҳамма ҳар ёққа қочган, ҳатто мол-қўйлар ҳам югуриб қолишганди. Яхшиямки, тош пастга тушгунча майдаланиб кетган. Бўлмаса, оқибати нима бўлишини ҳеч ким билмасди. Барча воқеаларни тепадан кузатиб турган биз айбдорлар эса катталардан қўрқиб, кеч бўлгунча яшириниб юрганмиз. Ишонасизми, ҳатто айрим ишчилар биз болаларни ўйламай қилган ишимиз учун дўппосламоқчи ҳам бўлишган. Бахтимизга ёши катта бир амаки бизга насиҳат қилган ва ўша киши сабаб калтакдан ҳам омон қолганмиз. Ўша ерда олган илк маошимга мактаб учун нарсалар харид қилганман.

3-бекат: “Йиқилмайдиган институт”, пахта даласи, талабалик

Болалигимда шифокор бўлишини жуда истаганман. Самарқанд, Андижон тиббиёт институтларига ҳужжат топшириб, ўта олмаганман. Шунда отам “иккита уринишинг ҳам бефойда кетди. Кел, сени яхшиси, “йиқилмайдиган  интститут”га олиб бораман”, деб ўзи фаолият юритадиган Марғилон ипак комбинатига ишга жойлаштирганлар. Ишлаб юрган пайтларим пахта теримига олиб кетишган. Ўша пайтларда жуда яхши эслайман. Кун бўйи теримдан чарчаганимизга қарамай, кечқурун бўладиган турли кўнгилочар тадбирларни ўтказишга жуда шошардик. Негадир ҳамма мен айтадиган латифалар, қўшиқ ва рақсга интиқ эди. Шундай кунларнинг бирида ҳамкасбларимдан биттаси Тошкентда Театр ва рассомчилик институтида тайёрлов бўлими очилгани ҳақида айтиб, албатта шу ерга боришим кераклигини таъкидлади. Шундай қилиб ёнимдагиларнинг кучли қистови билан пайта теримини ташлаб, Тошкентга отланганман.

Тўғри, бошида ота-онам бироз қарши бўлишган. Аммо менинг астойдил қилаётган ҳаракатларимни кўриб, оқ фотиҳа беришган. Омадим бор экан, ўқидим. Билмадим, шунчалик яхши талаба бўлганманми ёки қайсидир жиҳатим билан устозларим кўнглидан жой топган эканманми, мени институтда олиб қолишган. Аммо бу ердаги фаолиятим узоққа чўзилмади. Ҳарбий хизматга кетганман. Қайтгач, эса ҳозирги  Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Фарғона Давлат Мусиқали ва комедик театрида драма актёри сифатида ишимни давом этирганман. У ерда 1995 йилгача актёр бўлиб ишлаганман.

Ҳа айтганча, умримнинг яна бир муҳим бекати 1993 йил бўлган. Айнан шу йили режиссёр бўлиш орзуйимни амалга оширганман. Иккинчи мутахассислик бўйича яна инсттитутга ҳужжат  топширганман. Ҳечдан кўра кеч деб 38 ёшимда яна бир бора сиртқи бўлим талаба бўлдим. Ўқиб юрган кезлари мени Фарғона театрига бош режиссёр лавозимига кўтаришган. 

4-бекат: 17 ёшдаги жудолик

Ҳаётимдаги биринчи жудоликни 17 ёшимда ўтказганман. Ўзимдан бир ёш кичикина укам оғир хасталик туфайли оламдан кўз юмган. Ундан айрилганимдан кейин 5-6 йил давомида ўзимга келолмай юрганим ҳали ёдимда. Бу мен учун кутилмаган ва ҳаётимдаги энг катта зарба эди. Сўнг бобом, бувим ҳам бу ёруғ дунёдан кўз юмишган. Ҳаётимдаги сўнгги йўқотиш эса 2011 йилда юз берди  — дадам вафот этдилар. Ота-она қанчалик қаримасин, касал бўлмасин, улардан бир кун ажраб қолиш ҳақида ҳеч биримиз ўйламас эканмиз. Мен ҳам ҳеч дадамдан айриламан деб ўйламасдим. Минг шукрки, бугун ота ўрнида ҳам онам биз фарзандлари ёнида. Ҳар бир бошлаган ишларимизда бизни дуо қилиб мададкор бўляптилар. Илоҳим, умрлари узун бўлсин.

5-бекат: “Шахсий ҳаётим ҳақида гапириш ёқтирмайман!”

1980 йил оила қурганман. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилган. Шахсий ҳаётим ҳақида гапиришни унчалик ёқтирмасам ҳам фарзандларим  тўғрисида маълумот беришим мумкин. Бешта фарзандим бор. Катта қизим мен эришолмаган касб эгаси — шифокор бўлиб ишлайди. Ўғлим Ўзбекитон Давлат Консерваториясини битирган, Муқимий номидаги мусиқали театрда бастакор. Бир қанча спектаклларда ишлади. Ундан кейинги ўғлим ҳам Фарғонадаги маданият уйида фаолият юритади, қўшиқ ҳам куйлаб туради. Кенжа ўғлим ҳозирда олийгоҳга ҳужжат топшириш билан овора. Энг кичкинтой эрка қизим эса Санъат коллежи талабаси. Санъат журналистикасига  қизиқиши катта. Бир сўз билан айтганда, деярли барча фарзандим касбимни қайсидир маънода давомчилари. Набираларимга келсак улар сони еттита. Каттаси 5-синф. Ҳавас қилгулик ота ва бобоман.

Мавзуга оид фикрлари...

  • Театр алломаларидан бири Станиславский айтганидек, “Ролнинг катта кичиги бўлмайди, актёрнинг катта кичиги бўлади”. Айтмоқчи бўлганим актёрга берилган рол унинг ҳажмига қараб танланмайди. Рол хоҳ катта ё кичкина бўлсин, актёр бор жону меҳрини берса, у кўнгилдагидек чиқиб, томошабин меҳрини қозонади.
  • Ижодий фаолиятим давомида бир неча бор Тошкентда ижод қилиш таклифни билдиришган, рад этганман. Сабаби, менга шунча имкониятлар яратган, барча ютуқларимнинг асосий сабабчиси Фарғона театрини ташлаб кетишга ҳаддим сиғмайди. Шунга қарамай Тошкентлик ҳамкасбларим билан муносабатларим жуда яхши. Ўзбекфильм ва театрлар билан ҳамкорликни жуда яхши йўлга қўйганман. Тез кунларда Ўзбек Миллий Академик Драма театрида ижро этган ролимни ҳам томоша қилишингиз мумкин. Гап қаерда ишлашда эмас, ишни қай даражада бажариб беришда, деб биламан.

“Даракчи” маълумотномаси:

  • 1989-йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон театрлари фестивалида энг яхши эркак роли учун тақдирланган.
  • 1990-йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артисти ва “Темир хотин” фильмида ижро этган роли учун Давлат мукофотини қўлга киритган.
  • 1992-йил Ўрта Осиё ва Қозоқистон театрлари фестивалида энг яхши эркак роли учун тақдирланган.
  • 1999-йил Ўзбекистон халқ артисти унвонига эга бўлган.
  • 2013 йил “Эътироф” миллий мукофотида Йилнинг энг яхши актёри деб тан олинган.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1