Куни кеча uza.uz сайтида Ҳазрат Навоийнинг ғазаллари қўйилди. Улар орасидан бири кўпчиликнинг эътиборини тортиб, турли фикрларга сабаб бўлди.
Мана ўша ғазал:
Алишер Навоий
Йигитлигимда эдим мубтало йигитларга,
Қариб ҳам ўзни тилармен фидо йигитларга.
Юзи сариғ, боши оқ бир қари гар ўлса, не ҳайф,
Энги қизил,кўзи,қоши қаро йигитларга.
Десанг қариб бўлайин зуҳду офият бирла,
Магарки бўлмағасен ошно йигитларга.
Тилар эсанг қарилиқ иззу рутбасини, магар
Кўнгулни бермагасен дилрабо йигитларга.
Нечаки бўлса йигитликда шўхлиқ матлуб,
Вале адаб била хуштур ҳаё йигитларга.
Қариға ҳар неча бўлса ситам йигитлардан,
Не бўлғуси қаридин жуз дуо йигитларга.
Не навъ зуҳд ила тақвони асрайин маҳфуз,
Ки учрадим қариликда бало йигитларга.
Етар азоб қариб, нохалаф ўғуллардин,
Нечаки тутсам ўзумни ато йигитларға.
Чу ҳусн бўлди, вафо истаманг йигитлардин,
Ки Тенгри бермади ҳусни вафо йигитларга.
Нечаки маст йигитларни аҳли ишқ тилар,
Валек ишқдурур порсо йигитларга.
Навоиё, қарисанг ҳам жаҳонда бир неча кун
Рафиқ бўл, тилар эрсанг наво йигитларга.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу ғазалда йигитларга радифли ғазали кўпчиликнинг ҳам қизиқиши, ҳам ҳайрати, ҳам кулгисини уйғотмоқда. Аввало Ҳазрат Навоийнинг минглаб ғазаллари туриб, айни шу ғазалини муҳокама қилишаётгани ғалати. Қолаверса, эски ўзбек тили, қадимги туркий тил, сўзларнинг семантикаси ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмай туриб, баҳсга киришмаслик керак.
Сўзлар давр ўтиши билан, асрлар ўтиши билан ўзининг маъносини, вазифасини, қамровини ўзгартириб боради. Бундан ташқари, бир сўз маълум бир тилда битта маънони ифодаласа, бошқа тилда унга яқинроқ бўлган бошқа бир маънони билдиради. Масалан, оддий “туҳмат” сўзи бизда бировни ноҳақ айблаш ("клевета") маъносини берса, Озарбойжонда ҳайфсан ("выговор") маъносини беради. “Ҳатто” сўзи бизда кучайтирилган таъкид юкламаси бўлса, араб тилида бу “...гача” деган маънони англатади. Замон нуқтаи назаридан ҳам сўзларнинг вазифалари, маънолари ўзгариб боради. Дейлик, даставвал мухолифат сўзи шунчаки қарши чиқиш, хилоф иш тутиш маъносида бўлса, бугун у сиёсий атамага айланиб кетган. Фуқаро сўзи илгари камбағалларга нисбатан ишлатилган бўлса, бугун у "граждан" маъносини беришини ҳамма билади.
Худди шунингдек, “Йигит” сўзи ишлатилганда, бугунги ўзбек тилида ўспирин, ёш эркакни тушунамиз. Худди шу сўз бугунги турк тилида (yiğit ) “қатъиятли”, озарбойжон тилида (igid) мард, жасур маъноларини беради. Ўтмишда бу сўз сал кенгроқ маънода ишлатилган. Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур ғазалларида “йигит” сўзи “қари” сўзининг антомими тарзида ишлатилиб, тазод сифатида фойдаланилган. Яъни бу сўз “ёш” деган маънони билдирган. Ёш сўзи эса асосан янги, барра, ҳўл маъноларида келган. Бугун ҳам Бухоронинг айрим ҳудудларида “ҳўл” сўзи ўрнига ёш сўзини қўллайдилар. Туркман тилида ҳам айни маънода ишлатилади.
Бурҳониддин Рабғузийнинг “Қисасул-анбиё” асарида Юсуф билан Зулайҳонинг учрашув пайтида бир суҳбат кетади. Умр бўйи Юсуфнинг дардида куйиб яшаган Зулайҳо ўз севгилиси висолига етганида ёши ўтиб қолганди. Шунда у Юсуфга қараб “мен сенга йигитлигимни фидо қилдим, сени деб йигитлигим ўтиб кетди” деган сўзларни ишлатади. Бу ўринда Рабғузий хато қилганми? Йўқ, Рабғузий йигит сўзидан ўз давридаги маъносида фойдаланганди.
Навойнинг бир байти эсингиздадир:
Йигитлиғда йиғ идмнинг махзани,
Қариған чоғи сарф қилғил ани...
Йигит сўзининг асл маъносини билмаганлар, бу ўринда сўз фақат эркаклар устида бормоқда, деб ўйлаши мумкин. Ҳолбуки, илм олиш эркагу аёлга фарз қилинган. Бу Ҳадиси шарифдан Ҳазрат Навоий ҳам яхши хабардор бўлганлар. Шу боис, “Йигитлиғ” сўзини фақат йигитларга эмас, ёш қиз-жувонларга нисбатан ҳам ишлатилган.
Демак, бу сўзлардан мурод битта: Навоийниг бу ва бошқа ғазалларида ишлатилган “йигит” сўзи ёш эркак маъносида ишлатилмаган. Шуни эсдан чиқарманглар. Бу ҳақда Навоийни тушуна оладиган исталган навоийшуносдан сўраб кўринглар.
Барака топкурлар, билиб билмай, буюк зотга нисбатан ҳар хил фикрларни ишлатманглар! Навоийнинг қанчалик покиза инсон эканлигини мана бу байтидан ҳам билиш мумкин:
Ўттизу қирқда эрур ишрат чоғи,
Ул эмас эрди манга қисмат доғи.
Ҳазрат Навоий умрининг айш-ишратга берилган даври 30-40 ёшларида ҳам нафсга, ҳирс-ҳавога майл кўрсатмаганлар. Умр бўйи илм, ижод ва ибодат билан яшаб, ҳаром ишлардан ҳазар қилганлар. Бугун кўпчиликнинг таажжубини қўзғаган ўша байтдаги мана бу байтга ҳам диққат қилинг:
Нечаки бўлса йигитликда шўхлиқ матлуб,
Вале адаб била хуштур ҳаё йигитларга.
Бу ерда ҳам айнан ёшлик назарда тутилади. Яъни ёшликда шўхлик табиий ҳол бўлса-да, одоб ва ҳаё ёшларга яна ҳам кўпроқ ярашади, дейиляпти.
Руслар “ҳар ким ўз бузуқлик даражасида фикрлайди”, дейишади. Шу боис, айримлар Навоий ҳақида билиб-билмай фикр юритиб, ўз даражасини намойиш этмаслигини илтимос қилардик.