Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ““Божхона комплекс ва постларини катта ҳажмдаги юк автотранспорт воситалари ва темир йўл вагонларини сканер қилувчи назорат-кўрик мажмуалари билан таъминлаш, уларнинг имкониятлари ва афзалликлари” мавзуcида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Б.Раимов иштирок этиб, божхона органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 10 августдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 апрелда “Давлат божхона хизмати органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига кўра, Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси маблағларидан қатъий мақсадли фойдаланиш, биринчи навбатда, тасдиқланган 2011-2015 йилларда давлат божхона хизмати органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирлари дастурини амалга ошириш, энг аввало божхона постларини божхона чегараси орқали ўтадиган товарларни тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобга олишни таъминлаш имконини берадиган замонавий сканерлаш ва махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун сарфланиши белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизнинг божхона постлари юқорида келтирилган Дастурда белгилаб берилган чор-тадбирларга кўра босқичма-босқич катта ҳажмдаги юк автотранспорт воситалари ва темир йўл вагонларини сканер қилувчи назорат-кўрик мажмуалари билан таъминланиб келинмоқда. Ҳозирда республикамизнинг 10 та божхона постларида жами 11 комплект, шулардан 9 таси мобил ва 2 таси темир йўл катта хажмли сканер қурилмалари фойдаланишга топширилди.
Жорий йил биринчи ярми якунига қадар битта комплект автотранспорт ва
битта комплект темир йўл транспортларини сканер қилувчи қурилмалар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, ўрнатилган сканер қурилмалари кўмагида биргина ўтган 2013 йилда божхона кўригини ўтказилиши натижасида умумий қиймати 13,4 млрд. сўмлик 105 та божхона қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Бундан ташқари, бугунги кунгача дастур доирасида 13 та ахборот тизимлари ва 20 та интерактив хизматлар жорий этилган. 31 та чегара божхона постлари Ягона ахброт тизимига бирлаштирилган радиацион назорат комплекслари, 66 та божхона постлари ва объектлари видеоназорат тизими билан таъминланди.
Дастур доирасида божхона органлари 28 та турли қувватдаги сервер ускуналари билан таъминланди. Табиийки, мазкур сервер қурилмалари ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимлари фаолиятини ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги таъминлаш ва тизим тезлигини оширишга ҳамда божхона органларида тўлиқ электрон ҳужжат айланувини ташкил этишда катта ҳисса қўшади.
Айни пайтда ДБҚ Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими ўз ичига 25 га яқин ахборот тизимларини қамраб олган. Улардан 12 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган. Президентнинг 1595-сонли қарори асосида ушбу тизимлар сони яна 3 тага кўпайди. Яъни, “Маркировка ва аудит”, “Товар коди” ва “Хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ахборот алмашув” автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилди.
Мазкур тизимларнинг божхона органлари фаолиятига татбиқ этилиши нафақат божхона назоратини таъминлаш ва расмийлаштирув жараёнини тезлаштиришга, балки божхона органларининг ягона ахборотлар манбасини яратишга ҳам хизмат қилмоқда.
Ахборот тизимларидан ташқари ДБҚ веб-сайти орқали 20 та интерактив давлат хизматлари ишга туширилган.
Тадбиркорлик субъектларига кўрстилаётган электрон хизматлар сифатини кўтариш мақсадида 2014 йилда ҳам бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Улар орасида тадбиркорларнинг рухсат беришга доир сертификат ва рухсатномаларни олишда уларнинг бир нечта вазирлик ва идоралар орасида сарсон бўлишларига йўл қўймаслик мақсадида, сертификат ва рухсатномаларни электрон кўринишда олиш имконини берувчи “Ягона ойна” ахборот тизимини ишга тушириш, Интернет тармоғи орқали кўрастилаётган интерактив хизматлари кўламини кенгайтириш, хусусан қўшимча 13 та интерактив хизматларни жорий этиш каби қатор янгиликлар мавжуд.
Айни пайтда “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит равишда ҳаракатланувчи юкларнинг электрон кузатувини таъминлаш” ва “Божхона қиймати” автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда божхона чегараларини кесиб ўтиш чоғида жисмоний шахслар томонидан тўлдирилиши лозим бўлган “Т-6” шаклдаги божхона декларациясининг қоғоз шаклидан воз кечган ҳолда, Интернет тармоғи орқали олдиндан декларация тақдим этиш тизимини ҳозирги кун талаблари асосида ривожлантириш устида аниқ ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, эндиликда мамлакатимизга кириб келаётган ёки чиқиб кетаётган жисмоний шахслар Т-6 шаклидаги божхона баённомаси бланкасини Давлат божхона қўмитаси веб-сайтидан кўчириб олишлари мумкин.
Бундан ташқари 2014 йилда ДБҚнинг Ягона корпоратив ахборот тармоғини ривожлантириш, қўмита маълумотлар базасининг Асосий ва Заҳира марказлари ўртасида 100 мб/с тезликка эга бўлган ҳамда 51 та божхона постлари билан ҳудудий божхона бошқармалари ўртасида оптик толали алоқа каналларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Анжуманда журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.