18 март куни Миллий матбуот марказида «Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари» мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ДСҚ ахборот хизмати хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад, икки ёки ундан ортиқ манбалардан даромад олган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари ҳақида декларацияни тақдим этиш тартиблари, муддати ва солиқларни ҳисоблашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда жорий йилдан бошлаб бу борада солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси резидентларининг Солиқ кодексининг 189-моддасида қайд этилган даромадларига, декларация асосида солиқ солинади.
Бундай даромадларга мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, жисмоний шахсларнинг фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олган даромадлари, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлари, икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари киради.
Жисмоний шахслар ушбу даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Декларация доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан бориб топшириш, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, агар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан унинг аризасига кўра солиқ энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди.
Мол-мулкини ижарага бериш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар томонидан, ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки декларация ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилиши лозим. Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма хабардор этиши лозим.
Шу ўринда, солиқ тўловчида «Мол-мулк ижарасидан олинадиган даромадларга энг кам ставкада солиқ солинса, йил якуни билан ҳеч қандай қўшимча даромад солиғи ҳисобланмайди. Нима учун 1 апрелга қадар жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этилиши лозим?», - деган савол туғилиши мумкин.
Жисмоний шахсга даромад солиғидан имтиёз олиш ҳуқуқи айнан ушбу декларация асосида берилади. Бундан кўринадики, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларациянинг тақдим этилиши фақат жисмоний шахснинг манфаати учун хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 574- ва 603-моддаларига ҳамда Уй-жой кодекси 86-моддасига мувофиқ фуқаролар ўртасида тузилган кўчмас мулкни - уй-жойни ва нотурар жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт. Ижара шартномасининг бўлмаслиги ёхуд унинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 159¹-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Жисмоний шахслар даромадлари тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари лозим.
Декларация ўз вақтида тақдим этилмаса, давлат солиқ хизмати органи ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида жисмоний шахс томонидан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини энг юқори ставка бўйича ҳисоблаш ва солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома бериш ҳуқуқига эга.
Даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган, ўз вақтида тақдим этмаган ёки уни атайин нотўғри маълумотларни кўрсатган ҳолда тақдим этган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 174-моддаси учинчи қисмида энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 181-моддасига биноан мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган энг кам ставкаси бўйича солиқ солинади. 2014 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси 7,5 % миқдорида белгиланган.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, жисмоний шахслар томонидан турар жойларни кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ реализация қилишдан олинадиган даромадларга солиқ солиниши белгилаб қўйилган.
Ўн икки ойлик давр - турар жойни биринчи марта реализация қилинган санадан бошлаб ҳисобланади. Кўчмас мулк - турар жой ўн икки ойлик давр ичида иккинчи ва кейинги бор реализация қилинганда солиқ солиниши керак бўлган даромадлар биринчи кўчмас мулк - турар жой фонди объектини реализация қилишни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Кўчмас мулк объектлари - у турар жой бўлса ҳам, нотурар жой фонди бўлса ҳам - реализация қилинишидан олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси бўйича солиқ солинади.
Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси ходимлари оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.