“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 ноябрдаги йиғилиш баёнига асосан Янги йил байрами арафасида ва байрам кунларида ички истеъмол бозорини тўлдириш, нархларни барқарорлаштириш мақсадида байрамолди савдо ярмаркалари ташкил этиладиган манзиллар аниқланиб, ярмарка савдоларини ташкиллаштириш, ярмаркаларга асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мунтазам равишда узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш ҳақида тегишли кўрсатмалар берилган.
Жорий йилнинг 29 ноябридан бошлаб Тошкент шаҳрининг 12 та деҳқон бозорларида нархларни барқарорлаштириш мақсадида ҳар куни ҳар бир бозорда 10 тоннадан картошка ва 5 тоннадан пиёз маҳсулотлари савдоси ташкил этилмоқда.
Тошкент шаҳрида деҳқон бозорлари ҳудудида 5 декабрга қадар хизмат кўрсатиши режалаштирилган “Хизмат-беминнат” янги замонавий савдо шаҳобчаларида барча ҳудудий савдо-тайёрлов корхоналари омборларидаги мавжуд истеъмол товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келтириб, аҳоли эҳтиёжини қондириш амалга ошириляпти.
Шунингдек, ҳудудларда ташкил этилган 150 дан ортиқ савдо расталарига 50 хилдан зиёд зарурий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, турли мева-сабзавотлар, шунингдек кенг ассортиментдаги озиқ-овқатлар, қайта ишланган маҳсулотлар ва ичимликлар етказиб берилади.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тўловни пластик карточкалари орқали амалга ошириш таъминланади.
Ярмарка савдолари тўлақонли бўлиши учун уюшма тизимидаги корхоналарнинг омборларида етарли миқдорда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилган.
Ҳукумат топшириғига мувофиқ, қўшимча равишда четдан ўсимлик ёғи, шакар, сариёғ, парранда гўшти, картошка ва бошқа маҳсулотлар келтирилмоқда.






