Туркияда кўчадан ўтаётган ҳар бир йўловчи ишлатилган, бўш пластик идишни автоматга ташласа, унинг тагидаги махсус идишга овқат тўлади. Бундай усул атроф-муҳитни экологик жиҳатдан тоза тутиш билан бирга, эгасиз ҳайвонларнинг қорнини тўйдиришга ёрдам беради.
"Pugedon" компанияси атроф-муҳитга ва кўчада юрган дайди итларга ғамхўрлик қилиш мақсадида мазкур автоматни ўйлаб топди. Бундай автоматлар шаҳар кўчаларига ўрнатилган бўлиб, унга ташланган бўш пластик идишлар қайта ишланиб, ундан тушган маблағга ҳайвонларга озиқ-маҳсулотлари олинади. Истанбул кўчаларида минглаб дайди итлар ва мушуклар бор. Мазкур автомат эса эгасиз ҳайвонларнинг қорнини тўйдириш имконини беради. Автоматда сув солинадиган идиш ҳам мавжуд. Агар қўлингиздаги сувни ичишни истамасангиз, уни шу идишга тўкишингиз мумкин.






