Хоразм вилояти, Хива туманида яшовчи Режаббой Вафоевнинг рафиқаси бетоб бўлиб, танасидан ҳар хил тошмалар тошиб кетди. Тошмалар ярага айланиб, уни ҳолдан тойдирди. У турмуш ўртоғини даволатиш учун Хоразм вилояти Тери-таносил касалликлари диспансерига олиб борди. У ерда Режаббойнинг рафиқасини бўлим мудири Баҳром Солаев, олий тоифали шифокор, дерматовенеролог Рейимбой Абдиримовлар текширувдан ўтказишди ва унга “Пуфак яра” ташхиси қўйилди. Шифокорлар аёлни даволаш учун мазкур диспансерга ётқизиш лозимлигини айтишди. Бу ердаги озодалик, саранжом-саришталик, шинамликни кўриб, Режаббойнинг дили яйради. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ва ширин сўзлари туфайли беморларнинг нигоҳларидаги ғам ўрнини қувонч эгаллаганини кўриб, унинг кўнгли кўтарилди. Айни пайтда унинг рафиқаси тузалиб, оиласи бағрига қайтди. Гиппократ қасамига содиқ қолиб, эгнидаги оқ халатига доғ туширмай, нажот излаб келган беморларни оёққа турғизган бош шифокор Музаффар Ибрагимов раҳбарлик қилаётган касалхона шифокорларига, касалларга беминнат хизмат қилаётган ҳамшираларга касалхонада даволанган барча беморлар номидан Режаббой Вафоев қўлингиз дард кўрмасин, деб тилак билдирди.






