Буюк Британиянинг Christie’s ва Sotheby’s кимошди савдо уйларининг 2017 йилги умумий даромади бир миллиард доллардан ошди, деб хабар беради Россиянинг “Минераллар каталоги” илмий-оммабоп интернет нашри. Бундай рекорд кўрсаткичга ноёб қимматбаҳо тошлар савдоси ҳисобига эришилган.
Christie’s йилига саксон турдаги йўналиш бўйича уч юз элликка яқин кимошди савдолари ўтказади. 2017 йилда мазкур савдо уйи томонидан тўққизта янги рекорд ўрнатилди. Хусусан, Рокфеллер зумради, “Pink Promise”, “de Grisogono” ва “Grand Mazarin” ноёб олмослар савдолари компанияга катта омад келтирди.
Sotheby’s ҳам заргарлик буюмлари савдосидан мўмайгина даромад олди. Ушбу савдо уйида 71 миллион доллардан зиёдга сотилган “CTF Pink Star” нодир олмоси 2017 йил рекордини ўрнатди.






