Собир Қайнаров Сирдарё туманидаги қўшма корхоналардан бирида ишчи бўлиб ишлайди. Икки фарзанди, уй бекаси бўлган рафиқаси, ота-онаси, бир укаси унинг қарамоғида эди. Охирги пайтларда у белида оғриқ сезар, аммо буни узоқ вақт оёқда туриб ишлаганликнинг оқибати бўлса керак, деб кўп ҳам эътибор бермасди. Оғриқ жудаям кучайиб кетгандан кейин туман марказидаги шифохонага бориб, УТТ текширувидан ўтди. Уни текширган шифокор буйракда ўсимта борлигини, зудлик билан операция қилиб олиб ташлаш зарурлигини айтди. Собир бундан тушкунликка тушиб қолди, уйга келиб, бўлиб ўтган воқеани отасига айтди. “Балки пойтахтга бориб, урология марказида қайтадан текширувдан ўтарсан, УТТ нотўғри хулоса бергандир”, деди унинг кайфиятини кўтариш мақсадида отаси. Собир минг умидлар билан Тошкент тиббиёт академияси қошидаги урология марказига келиб, текширувдан ўтди. Таҳлил натижалари сирдарёлик шифокорнинг ташхисини тасдиқлади.
Улар ҳам вақтни ўтказмай, зудлик билан операция қилиш лозимлигини айтишди. Собирнинг боши қотди. Оиланинг ягона боқувчиси ўзи бўлса, ётиб қолса, нима бўлади? Шифохонада ётиш, дори-дармонлар учун ҳам пул зарур. Аммо операция қилдириб, соғлигини тикламаса, оиласидагилар янада қийналиши мумкинлигини ўйлаб, юраги сиқилди. У ўйлаб-ўйлаб, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига йўл олди. Собир мушкул вазиятга тушиб қолганини, даволаниш учун имконияти йўқлигини бошқарма бошлиғининг биринчи муовини Акбар Мирзахоновга тушунтирди. У эса “Бу дунёда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ, ўғлим. Худо хоҳласа, тузалиб кетасан, давлатимиз кам таъминланган оилалар учун турли имтиёзларни яратган”, деб унинг кўнглини кўтарди ва бепул даволаниш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхати билан таништирди. Собир ҳужжатларни тўплаш учун Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига учрашди.У ерда Собирга керакли ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам беришди.
Шундан кейин Собир Сирдарё вилоят кўп тармоқли даволаш марказининг урология бўлимида жарроҳлик столига ётқизилди. Мазкур бўлим мудири ва мутахассислари томонидан ўтказилган операция 4 соат давом этиб, муваффақиятли якунланди. “Мен инсон манфаатларини ҳимоя қилувчи шундай юртда туғилиб, ўсганимдан мамнунман. Дарддан фориғ бўлишимда, оёққа туришимда, мушкул вазиятдан чиқиб кетишимда ўз маслаҳатларини, меҳр-муҳаббатларини аямаган барча шифокорлардан чин кўнгилдан миннатдорман. Кимгадир яхшилик қилиш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Худо хоҳласа, батамом соғайиб кетсам, мен ҳам қўлимдан келгунча эзгу амалларни бажаришга, муҳтожларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан”, деди Собир Қайнаров.





