АсосийJamiyat

Тошкентда яна бир янги хорижий университет иш бошлайди

Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Президенти Ислом Каримов 24 март куни қарор имзолади.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг Инҳа университети ташкил этилади.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг хабар беришича, янги олий таълим муассасасини ташкил этишдан мақсад ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартлар даражасида юқори малака кадрларни тайёрлашдан иборатдир.

Инҳа университети Ўзбекистон олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилади. Ундаги таълим олиш жараёни Жанубий Кореянинг Инҳа университетининг педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда инглиз тилида университет ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади.

Олий ўқув юртини битирган талабаларга Ўзбекистонда олий таълим ҳужжати сифатида тан олинадиган Инҳа университетининг тегишли намунадаги дипломлари берилади.

Мазкур университетга абитуриентларни қабул қилиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, Инҳа университетида ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.

Инҳа университетининг ўқитиш ва мутахассислар тайёралш бўйича асосий таълим йўналишлари сифатида компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг ва компьютер тармоқлари инжиниринги танланган.

Янги университет 2014/2015 йил учун қабулни 1 октябрдан бошлашни режалаштирмоқда.

    Бошқа янгиликлар