Яқинда Озарбойжонинг расмий нашрларидан бирида Ўзбекистонда бўлиб қайтган озарбойжонлик таниқли олим ва журналист, Озарбойжон Миллий Мажлиси (парламенти) қўмита раиси, Озарбойжон Фанлар академияси мухбир аъзоси Низомий Жаъфаровнинг юртимиз ҳақидаги мақоласи эълон қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН ВА ЎЗБЕКЛАР
Ёзувчи-журналист, қадрдон дўстим Юнус Ўғуз билан бирга бир неча кун давомида Тошкентга қилган сафаримиз асносида ўзбек қардошларимизни руҳан ўта эркин, мағрур ва том маънода ғайрат-шижоатли инсонлар эканига яна бир бор амин бўлдик. Бу сафардан шу қадар ёрқин таассуротлар билан қайтдимки, қалбимдан кечган жўшқин ҳисларни қисқача бўлса-да, баён этишдан, таассуротларимни ўқувчилар билан бўлишишдан ўзимни тийиб туролмадим.
Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро миқёсда ҳар доим якдиллик билан Озарбойжоннинг мавқеи, миллий манфаатларини ҳимоя қилиб келаётгани, Озарбойжонда катта мамнуният уйғотмоқда. Озарбойжон ҳам ҳамиша Ўзбекистон билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб келаётир.
Совет даврида “социалистик инқилоб гуллаб яшнаётган Ўзбекистоннинг тамал тошини қўйгани” ҳақида ошириб-тошириб гапирилгани, бу даъво бутун бир авлоднинг онгу шуурига синглирилгани ҳеч кимга сир эмас. Аслида теран илдизларга эга бўлган ўзбек халқи тарих саҳнасига чиққан илк даврлардан бошлаб, ўзини бутун дунёда маданиятли, буюк сиёсий иродага молик халқлардан бири сифатида намоён этган. Ўтмишда ўзбек халқи орасидан етишиб чиққан буюк инсонлар ҳақида ёрқин тасаввур яратмоқ учун буюк соҳибқирон Амир Темур номини зикр этишнинг ўзи кифоя деб ўйлайман.
Ўрта Осиёда тарихнинг турли даврларида йирик давлатлар барпо этган, бугунга қадар кўрку жамолини кўз-кўз этиб келаётган гўзал шаҳарлар қурган ўзбекларни “туркий халқларнинг французлари” деб атаганлар муболаға қилишмайди. Ўзбек олимлари, мутафаккирлари яратган илмий асарлар, рисолалар, ўзбек шоирларининг бебаҳо ижод намуналари, асрлар бўйи савлат тўкиб келаётган бебаҳо обидалар ўз даврининг мумтоз маданий-маърифий ёдгорликлари саналади. Бу обидалар ҳам миллий, ҳам умумбашарий савияда ўз қийматига эга бўлиб, буюк халқнинг бетакрор қудрати ва салоҳиятини ўзида акс эттиради.
Ўзбек ҳукмдорларининг, давлат раҳбарларининг маданиятга қанчалик юксак эътибор қаратганини Алишер Навоий билан бир даврда яшаган Озарбойжон шоири Кишварий ҳам эътироф этиб ўтган:
Кишварий шеъри Навоий шеъридан эксик эмас,
Бахтига тушсайди бир Султон Ҳусайни Бойқаро.
Гарчи Навоийнинг буюк даҳосини султоннинг ҳомийлиги билан ўлчаш у қадар тўғри бўлмаса-да, Озарбойжон шоири ўз шеърларини Ҳазрат Навоийнинг ижодига қиёс этиб, Ҳусайн Бойқаро сингари суянган тоғи йўқлигидан ўксингандек бўлади.
Тошкентда бўлган кунларимиз шуни чуқур англаб етдимки, ўзбеклар ўзларининг бой тарихи, бебаҳо маданияти, буюк аждодларидан фахрланиш ила чегаралинб қолмасдан, ана шу бой ва бетакрор маънавиятни муносиб тарзда асраб авайлаш, бойитиш йўлида ҳам тинимсиз изланмоқдалар. Биноларнинг меъморий ечимида, тарихий шахсларнинг ёдгорликларида, кўчаларнинг номланишида, инсонларнинг қиёфасида, айтиш мумкинки, ҳар қадамда ана шу интилишни кўриш мумкин.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Амир Темур ҳаёти вқа фаолиятига бағишланган нуфузли анжуманда сўзга чиққан тадқиқиқотчиларнинг маърузаларидан ҳам Ўзбекистонда ижтимоий фанлар ривожланаётганини, санъат ва маданиятга эътибор қанчалик юқори эканини англаш мумкин.
Озарбойжонлик ёзувчи журналист Юнус Ўғуз қаламига мансуб “Амир Темур” романининг ўзбек тилида босилиб чиқиши, бу китоб тақдимотининг кенг миқёсда ўтказилиши ҳам фикримизга яққол далил бўла олади. Тадбирда Юнус Ўғуз ҳис-ҳаяжонга тўлиб таъкидлаганидек, Амир Темур наинки ўзбек ҳалқи, балки бутун туркий миллат ва элатларнинг ҳам ифтихорига лойиқ зотдир.
Роман ўзбек ўқувчилари тарафидан жуда катта қизиқиш билан қарши олинди, муаллифга улар томонидан самимий миннатдорчилик билдирилди. Кузатишларим шуни кўрсатдики (икки уч кун Ўзбекистонда меҳмон бўлган ҳар бир инсон бунга гувоҳ бўлиши табиий) ўзбек халқининг, умуман Ўзбекистон аҳлининг Президент Ислом Каримовга, у олиб бораётган одилона сиёсатга ҳурмати ва ишончи ниҳоятда баланд. Чунки, бугун дунёда Ўзбекистон Президентини давлат тепасига келган илк кунлардан бошлаб, мамлакат мустақиллиги учун курашга киришган ва тарихий ғалабаларни қўлга киритган донишманд ва тажрибали раҳбар сифатида билишади.
Тошкентнинг файзли кўчаларини кезар эканман, тез-тез кўзга ташланадиган бир шиор менинг ҳам қалбимдаги энг инжа ҳисларимни тўлқинлантириб юборди: “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан. Мустақил Ўзбекистон” Дарҳақиқат, ўз мустақиллигига эга бўлмаган халқнинг таянчи ҳам, ифтихори ҳам, қадр-қиммати ҳам бўлмайди.
Озарбойжон халқининг умуммиллий лидери, дунёнинг етук сиёсат арбобларидан бири Ҳайдар Алиев истиқлолнинг илк дамларидаёқ шундай деганди: “Ўзбекистон Ислом Каримов бошчилигида ўз мустақиллигини муваффақият билан таъминлай олади ва тараққий эттиради”.
Ва бугун демократик қадриятларни, мустақиллигини кўз қорачиғидек асраш баробарида дунё билан ҳамқадам бораётган, мустаҳкам қонун-қоидаларга асосланиб тараққий этаётган озод ва обод Ўзбекистон ҳар бир ўзбек битмас туганмас ғурур ва ифтихор манбаи бўла олади.
Бир пайтлар Москва ўз тажовузкор сиёсатини амалга ошириш учун “Ўзбеклар иши” “пахта иши” сингари номлар остида ўзбек халқига қарши чиркин бир ўйинни бошлаган, бу билан бутун бошли халқни ерга уриш, ўзига ҳар тарафлама тобе этишни истаганди. Мустабид тузумнинг барбод бўлиши, Ўзбекистонда ҳуррият шабадалари эсиши арафасида ўртага ташланган бу фитнакорлик бой тарихга эга халқнинг иродасини бука олмади.
Ўзбек тили дунёда кенг тарқалган, мутараққий тиллардан биридир. Бу Тилда минг йилдан ошиқроқ тарихга эга ”Алпомиш” сингари бетакрор достонлар, кўплаб адабий ёдгорликлар яратилган. Бу тил адабий шакл билан бирга, ўзига хос, бир-биридан гўзал лаҳжа ва шеваларга эга. Бугун бу тилда Ўзбекистондан ташқарида, Афғонистон, Хитой, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон сингари мамлакатлардаги миллионлаб аҳоли сўзлашади.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, ўзбек тили бошқа қардош тилларда ишлатилмайдиган, қадимий, гўзал туркий сўзларни учратиш мумкин. Масалан, ўзбек тилида соф туркий кўринишдаги тинчлик сўзи бор. Бу сўз менга жуда-жуда ёқди. Қанчалик гўзал ва жарангдор калом. Ҳолбуки, биз озарбойжонлар бу сўз ўрнига араб тилидан кириб келган “сулҳ” сўзини ишлатамиз.
Мустақиллик йилларида ўзбек тили билан бир қаторда, ўзбек адабиёти, публицистикаси ҳам бой анъаналар асосида ривожланиб бормоқда. Бугун мамлакатда ўн минглаб нусхада, юзлаб номда газета ва журналлар, китоблар босилмоқда. Бир қатор ўзбек даврий нашрларини варақлар эканман, улардаги ранг-баранглик, мавзу хилма-хиллиги, юксак маърифатпарварлик ва ватанпарварлик руҳини сездим.
Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети профессри Ҳакимжон Каримовнинг “Мустақиллик даври адабиёти” дарслигини варақлар эканман, ўзбек адабиётининг бугунги вакиллари мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг “Биздан обод ва озод Ватанг қолсин” деган хитобини шиор қилиб, миллий мафкурани такомиллаштириш йўлида ўз қаламлари, наср ва назмдаги баракали ижоди ила жавоб қайтараётганга ишонч ҳосил қилдим.
Бир неча кунлик сафарим асносида Ўзбекистон ва ўзбеклар ўз миллий анъаналарини, тарихи ва қадриятларини муносиб тарзда асраб-авайлаб, келгуси авлодларга бус-бутун етказишга тинимсиз интилаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
Низомий Жаъфаров,
Миллий Мажлиснинг қўмита бошлиғи, Озарбойжон Миллий Фанлар академияси мухбир аъзоси





