Яна бир неча кундан сўнг, яъни 26 декабрь куни “ЎзЭОАВМА медиа ҳолл”да (“Зарафшон” кино-концерт зали) Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси кўмагида Ижтимоий телерадиомаҳсулотлар IX миллий фестивали ўтказилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Парламент комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Миллий фестивални ташкил қилишдан кўзланган мақсад – бугун аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, умуминсоний қадриятлар, ўзбек халқининг анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказиш, инсонпарварлик ва меҳр-мурувват ғояларини олға суриш, гиёҳвандлик каби инсоният олдида турган бошқа таҳдидларга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда шу мавзуларда таъсирчан ижтимоий роликларни тайёрлаш, бу йўналишда фаолият юритувчи ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантиришдир.
Фестивалда қуйидаги номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади ва тақдирланади:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган энг яхши ижтимоий ролик;
2. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси жараёнларини ёритишга қаратилган энг яхши ижтимоий ролик;
3. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган энг яхши ижтимоий ролик.
Фестивал ҳақидаги Низомга биноан ЎзЭОАВМА Экспертлар кенгаши томонидан танловга келган талабнома ва материаллар кўриб чиқилиб, танловнинг ҳар бир номинацияси бўйича учтадан номзодларнинг ижодий ишларини танлов Ҳакамлар ҳайъатига ғолибни аниқлаш учун тавсия этади. Ҳар бир номинация бўйича ғолиблар таниқли жамоат арбоблари, соҳа мутахассислари ва экспертлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иштирокида шакллантирилган ҳакамлар ҳайъати томонидан тўғридан-тўғри онлайн овоз бериш йўли билан аниқланади. Ғолиблар махсус диплом, статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланади.
* Маълумки, ЎзЭОАВМА томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Парламент комиссияси кўмагида жорий йилда нодавлат телерадиоузатувчилар ижодий гуруҳларини рағбатлантириш мақсадида 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан “Журналистлар баҳори” анъанавий танлови, мамлакатимиз мустақиллиги арафасида “Озод юрт тўлқинлари” медиа-фестивали, ноябрь ойида юртимизда ОАВга яратиб берилган шарт-шароитлар, улар эришаётган ютуқларга бағишланган халқаро конференциялар муваффақиятли ташкил этилди.










