Пойтахтимизда Teclot.com ягона электрон савдо майдони тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот доирасида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ягона бизнес макон ташкил этиш масалаcи муҳокама қилинди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан “Uzbekistan Industrial Forum – 2014” олтинчи халқаро саноат форуми доирасида ташкил этилди, дея хабар беради ЎзА.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, жаҳон бозорига чиқиш, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланган эди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда янги ахборот коммуникация-технологияларини жорий қилиш, хусусан, маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарни электрон савдо майдонларига жалб этиш муҳим ўрин тутади. Бунинг самарасида мазкур корхоналарнинг ташқи иқтисодий фаолиятини йўлга қўйиш, бўлажак харидорларни топиш ва ўз маҳсулотларини таклиф этиш учун зарур қулайликлар яратилади.
Teclot.com ягона электрон савдо майдони ушбу имкониятларни тақдим этиши мумкин. Европа, Осиё, Америка, Африка, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари компанияларини бирлаштирадиган ушбу савдо майдони тизими 9 тилда хизмат кўрсатади.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг электрон савдода иштирок этиши уларнинг тижорат фаолиятини сезиларли равишда енгиллаштириб, маҳсулот экспорт қилишига катта имкониятлар яратади, – дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Мустафоев. – Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, товарларни интернет савдо орқали таклиф этиш натижасида уларнинг фаолият самарадорлиги 50-80 фоизга ошади. Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун соҳани ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга ёрдам беради.
Тадбир давомида иштирокчилар Teclot.com ягона электрон савдо майдонининг ишлаш принциплари билан батафсил таништирилди.





