Ҳар бир ота-она фарзандининг жисмонан соғлом, дунёқараши кенг, юксак маънавий фазилатларга эга бўлиб улғайишини истайди. Бунда ўйинчоқларнинг аҳамияти катта.
Мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонлар фаолияти қўллаб-қувватланиб, уларга етарли имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда. Бундан унумли фойдаланиб, ўйинчоқ ва қўғирчоқ ишлаб чиқараётган корхоналар сафи ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда. Натижада «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида тайёрланаётган ўйинчоқлар тури ва сифати ҳам ортиб бораётир, дея хабар беради ЎзА.
...«Менинг исмим Азиза. Кел, бирга ўйнаймиз. Қўшиқ айтишни хоҳлайсанми? Юр, рақсга тушамиз». Ипак матодан чиройли кўйлак, нимча кийган қўғирчоқ ўзбек тилида шундай жумлаларни такрорлайди. Қизингиз ўйнаётган қўғирчоқ ўзбек тилида сўзласа, унда она тилимизга, Ватанимизга, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуси шаклланади. Пойтахтимиздаги «Man Joy Toys» масъулияти чекланган жамияти жорий йилдан миллийлик акс этган ана шундай қўғирчоқ ва ўйинчоқларни юртимиз ички бозорига чиқара бошлади.
2009 йилда иш бошлаган мазкур корхонада дастлаб олти турдаги ўйинчоқлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда етмиш турдаги пластик ва юмшоқ ўйинчоқлар – ўн турда машиналар, уй-рўзғор буюмлари, спорт анжомлари, турли шакл ва ҳажмдаги йиғма ўйинчоқлар тайёрланмоқда.
– Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонамизда миллий ўйинчоқ ва қўғирчоқлар турини янада кўпайтириш ниятидамиз, – дейди корхона раҳбари Муҳаммаджон Мирсоатов. – Ҳозир юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг икки тури – «Matiz» ва «Captiva» ҳамда “MAN” юк автомобилининг ўйинчоқ шакли тайёрланмоқда. Бошқа автомобиль макетларини ясаш ишлари ҳам олиб борилаётир.
Йигирма нафарга яқин ишчи фаолият юритаётган корхонада бир йилда икки юз мингта ўйинчоқ тайёрлаш режалаштирилган.
– Айни пайтда ўзбек тилида «Сўзловчи алифбе»ни ишлаб чиқаришга ҳозирлик кўрмоқдамиз, – дейди дизайнер Абдумалик Абдуғаффоров. – Мазкур алифбенинг “тез айтиш”, “синовли ўйин”, “ўрганамиз”, “имтиҳон”, “уй ҳайвонлари”, “ранглар ва рақамлар” деб аталувчи тугмачаларини боссангиз, болажонларга бирламчи сабоқлар берилади. Унда такрорлаш ва қўшиқни бирга айтиш каби қулайликлар ҳам мужассам. Келгусида икки ёки уч тилда сўзловчи ўйинчоқларни тайёрлаш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Юртимизда фарзандларимизнинг қизиқиши ва дунёқарашига мос миллий ўйинчоқлар ясаш ва соҳани янада ривожлантириш жараёнида қўли гул ҳунармандларнинг фаолиятини изчил қўллаб-қувватлаш, уларга зарур имкониятлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пойтахтлик ҳунарманд Равшан Ўринбоев бир-биридан ажойиб миллий қўғирчоқлар ясовчи уста сифатида ном қозонган истеъдод соҳибларидан. Унинг меҳнати маҳсуллари – миллий қаҳрамонларимиз акс этган қўғирчоқлар байраму тантаналарда, истироҳат боғларида болаларнинг севимли эртакларини гавдалантирмоқда.
– Бир неча йилдан буён миллий қўғирчоқлар ясаш билан шуғулланамиз, – дейди Р.Ўринбоев. – Юртимизда ҳунармандлар самарали фаолият кўрсатиши учун зарур барча шароит яратилган. Ҳар йили нуфузли танловлар ташкил этилиб, ҳунармандлар меҳнати муносиб рағбатлантирилаётир. Бундай тадбирлар давомида ясаган маҳсулотимизни кенг тарғиб этиш, ҳамкасбларимиз фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлаётирмиз.
Ҳунарманд дастлаб турли ўйинчоқлар ясаган бўлса, айни вақтда оилавий тадбиркорлик асосида «Ажойиб мўъжиза» деб номланган қўғирчоқлар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. У ўз фаолиятида кўпроқ миллий қадриятларимизга мурожаат этади. Қўғирчоқ ясашда аввало болаларнинг қизиқиши, жумладан, жажжи қизалоқларда ибо-ҳаё, андиша туйғулари шаклланиши, ўғил болаларнинг мардлик, жасурлик, ҳалоллик каби фазилатлар руҳида улғайишига эътибор қаратади.
«Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Алпомиш» достонлари қаҳрамонлари, ўзбек аёли, “шум бола” каби катта қўғирчоқлар юқори сифати, қолаверса, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бу жараёнда атлас, адрас, беқасам, олача, парча, сатин сингари матолардан тикилган миллий либослардан фойдаланилади. Бунда юртимизнинг ҳар бир ҳудудига хос кийиниш услуби, миллий қадриятлар ўз ифодасини топади.
Миллий қўғирчоқлар тайёрлаш ҳунармандларга катта масъулият юклайди. Чунки ўйинчоқлар образи боланинг тасаввурида бир умр сақланиб қолади. Бунда малакали мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади, Ватанимиз тарихи, миллий қадриятларимиз, маданиятимизни ҳам чуқур билиш талаб этилади.
Айни пайтда халқимизнинг афсонавий қаҳрамонлари сиймосини ўзида акс эттирган қўғирчоқлар ясалаётган устахонада ўн нафарга яқин йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Улар дўкон расталарини миллий қўғирчоқлар ва фарзандларимиз эътиборини тортадиган ўйинчоқлар билан таъминлаш ниятида.
Миллий руҳ билан суғорилган ўйинчоқлар фарзандларимизни мард ва жасур, буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб улғайтиришдек эзгу мақсадга хизмат қилади.





