Божхона расмийлаштирувини ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олдини олиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш божхона органлари олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки, энг аввало аҳолининг саломатлигини асрашга ва уларни сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Аммо, айрим сохта тадбиркорларнинг божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Сабаби, аввало уларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш қоидаларига мувофиқ етказилганига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ҳам бир гуруҳ қонунбузарлар томонидан муқаддам ноқонуний йўллар билан кичик-кичик туркумларда олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган йирик миқдордаги парранда гўшти, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.
Олинган тезкор маълумотлар асосида пойтахтимиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда сиз тасвирда кўриб турган мана бу юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида сабзи тўла полиэтилен қоплари орасига ҳорижда ишлаб чиқарилган салкам 2 тонна товуқ гўшти, 1,5 тоннага яқин сосиска маҳсулотлари ва 1800 дона салқин ичимликлар борлиги аниқланди. Мазкур юк автоулови эгаси фуқаро Қ.Содиқов қиймати 30 млн сўм бўлган ушбу озиқ-овқат маҳсулотларининг божхона расмийлаштирувини ҳамда сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қила олмади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беради.
Шунга ўхшаш яна бир тезкор тадбир давомида мана бу юк автомашинаси юкхонасида мато ўрамлари билан тўсиб яширилган 3 тонна 300 кг. парранда гўшти ва 2 минг донага яқин косметика воситалари яширилгани аниқланди. Муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган ва табиий-ки божхона расмийлаштирувини ҳамда сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиймати 42 млн. сўмлик мазкур товар-моддий бойликлар андижонлик И.Нуриддиновга тегишли экан.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2013 йил мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 24 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 151 млрд. сўмдан ортиқ товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.





