Ҳаётда қариндошлик даражасини аниқлашни тақозо этадиган турли ҳолатлар учраши мумкин. Бу баъзан оилаларнинг бирлашишига, юридик муаммоларда, тўқималарнинг биологик жиҳатдан бир-бирига мослигини аниқлаш учун ҳам талаб қилинади. Бундан ўн йилча аввал бундай муаммоларни ҳал этиш анчайин катта муаммо туғдириб, ДНК тести натижасини батамом аниқ деб бўлмасди. Аммо биологлар инсон ДНКсини «ўқиш»ни ўрганишганидан сўнг турли генетик тадқиқотлар кашф қилинди. Бу тестлар ёрдамида биологик қариндошлик ришталари ва унинг даражасини аниқлаш йўлга қўйилган.
ДНК нима?
Дезоксирибонуклеин кислота, яъни ДНК — тирик организмлар ва баъзи вирусларда бўладиган дезоксирибонуклеотидлар полимери. ДНК генетик ахборотни авлоддан-авлодга ўтказишни ўзининг аниқ нусхасини яратиш (репликация) орқали бажаради. ДНК молекуласи аденин, гуанин, цитозин, тимин тутувчи мононуклеотидларнинг 3', 5' фосфат диэфир кўприк ҳосил қилиб боғланишидан тузилган. Уотсон-крик вариантига мувофиқ, ДНК молекуласи иккита бир-бирига мос (комплементар) полинуклеотид занжирдан ташкил топган. Улар фараз қилинадиган ўқ атрофида бир-бирига ўралган бўлади. ДНК асосан ҳужайра ядросида жойлашиб, махсус оқсил молекулалари билан бирга унинг хромосомаларини ташкил қилади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.