АсосийJamiyat

“BankЕxpo-2014” аҳоли ва банклар ўртасида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради

9-10 апрель кунлари “Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари VII-йиллик "BankExpo-2014” миллий кўргазмаси бўлиб ўтади.

Кўргазма Республика Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциацияси, Банклар Ассоциацияси ҳамда “Камолот” ижтимоий ёшлар ҳаракати билан ҳамкорликда  ташкил этилади.

Бу йирик анжуманни ташкил этишдан мақсад - тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига банк-молия тизимининг сўнгги ютуқлари ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини кенг етказиш, янги технология ва хизматлар билан яқиндан таништиришдан иборат, дея хабар беради Марказий банк матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда банк иши сифат жиҳатдан тобора илгарилаб бормоқда. Бугунги кунда балоғат ёшидаги аҳолининг барчаси банк хизматлари билан қамраб олинган. Банк хизматларидан фойдаланиш даражасининг ўсишини мамлакатимизда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 49,7 та банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг киши номига 1028 та банк ҳисобрақами очилганида ҳам кўришимиз мумкин.    

Кўргазма тижорат банкларининг реал ва салоҳиятли мижозларига муносабатини, янги мижозларни жалб этиш, янги хизматларни жорий этиш ва такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишига жиддий туртки беради.

Кўргазма салоҳиятли мижозларни кредитлаш шартлари, механизмлари ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси билан яқиндан таништиришда, пировардида мижозларнинг ватанимиз банкларига бўлган муносабатини шакллантириш, ишончини мустаҳкамлаш ва кредит ташкилотлари фаолияти самарадорлигини яхшилашда беқиёс ўрин тутади.

Кўргазмада мамлакатимизнинг барча тижорат банклари, Лизинг берувчилар ассоциацияси, етакчи суғурта компаниялари ҳамда маҳаллий ва хорижий ахборот технологиялари компаниялари ҳам ўз маҳсулотлари ва хизматлари ҳақида ҳикоя қилувчи стендлари билан иштирок этади.

Шу билан бирга, кўргазмада бугунги кунда кичик бизнесни, хусусан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда банк тизими билан кенг ҳамкорлик қилиб келаётган “Камолот” ЁИҲ, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳам қатнашмоқда. 

Жорий йилда ўтказилаётган кўргазманинг асосий йўналиши “Соғлом бола йили” Давлат дастури ва мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан кичик тадбиркорлик субъектлари, оилавий бизнес, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган таълим муассасалари битирувчилари, уй меҳнатини енгиллаштириш мақсадида хотин-қизларга таклиф этилаётган банк хизматлари бўйича маълумот ва маслаҳатлар беришга қаратилмоқда.

Кўргазма дастури кенг ва ранг-баранг бўлиб, унда давра суҳбатлари, семинарлар, тақдимотлар, учрашувлар, мастер-класслар ташкил этилади. Ушбу тадбир иштирокчилар учун кўп нарса беради. Энг муҳими, банк хизматлари истеъмолчиси қисқа муддат ичида бозорга таклиф этилаётган хизматлар билан танишиш, таққослаш, мутахассислардан керакли маслаҳатларни олиш, музокаралар ўтказиш имконига эга бўлади.

Кўргазма доирасида тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, эндигина иш бошлаётган ёш тадбиркорлар, иш билан бандликни таъминлаш кўзда тутилган лойиҳалар бўйича ўтказиладиган танловлар ғолибларига имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Айтиш мумкинки, кўргазма иштирокчилар ва меҳмонларнинг банк тизими ютуқлари, ривожланиш истиқболлари ҳақида ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш, манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришга, умуман олганда мамлакатимизда банк иши тараққиётига, иқтисодиёт субъектлари ва аҳолининг банк хизматларига бўлган талабини тўла қондиришига қулай шароит яратади.  

 

 

    Бошқа янгиликлар