“... Фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари бир хил аҳамиятга эга...”
“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонундан
“...Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, халқимиз ўртасида юзхотирчилик, одамнинг шаънига тегмаслик, уни аяб гапириш каби одатлар азалдан мавжуд. Бунинг номини андиша дейди. Лекин бугунги кунда раҳбар ёки унинг атрофидаги одамларнинг хато ва камчиликларини била туриб айтмаслик, уларни яшириб юришни ҳам андиша деган сўз билан изоҳлашга уринишлар бўляпти. Бошқача айтганда, эскидан қолган иллатларни оқлайдиган ҳолатларга индамасдан қараб туриш ҳам андишага айланиб қоляпти. Биз андишани бундай тушунишлардан мутлақо халос бўлишимиз керак...”
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йилнинг 19 декабрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтилган ушбу фикрлар замирида одилона даъват нафаси уфуради, десак муболаға эмас. Эҳтимол қуйидаги мурожаатлар ҳам ана шу даъватга муносиб мисол бўла олар..
БАНКЛАРДАГИ ОМОНАТЛАР ХУСУСИДА
Чирчиқ шаҳрида яшайман. “Ипотекабанк”нинг шаҳар филиалида ортиқча маблағимни сақлаш учун олиб боргандим. Бир омонат турида йиллик фоиз 25 % этиб белгиланган экан. 6 ойлик муддат билан 3 млн. 200 минг жамғарма қўйдим. Қўйган омонатим учун менга тўланган фоизлар миқдори камдек назаримда. Айтишларича, менинг жамғармам ҳар ойда фоизни олиб янги ҳисоб очган бўлганимда фоиз ишлар экан. Шу ҳақда маълумот бериб, мени қизиқтирган масалага ойдинлик киритсангиз.
Ҳабибулло Камолов, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри
ШУБҲАЛАРГА ОЙДИНЛИК КИРИТАМИЗ: КИМ ҲАҚ?
Мазкур мурожаат юзасидан Марказий Банкнинг Тошкент вилояти Бош бошқармасидан маълумотлар олинди. Бош бошқарма бошлиғи А.Сайфуллаев имзоси билан тақдим этилган жавоб хатида соҳа ходимлари мурожаат муаллифи билан учрашганлиги қайд этилиб, “Ипотека-банк” Чирчиқ филиалида ўтказилган мажлис баённомаси ва омонатчи Х.Камоловнинг билдирги нусхаси илова қилинган. Муштарийнинг билдиргиси мазмуни эса қуйидагича мазмунда:
“Менинг таҳририятга мурожаатим юзасидан “Ипотека-банк”нинг Чирчиқ филиалида вилоят филиали масъули ва жамғарма касса бўлими бошлиғи иштирокида омонат фоизлари юзасидан ишлаб чиқилган қоидаларни кўрсатган ҳолда тушунтириш берилди. Ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим. Тегишли банкка ва банк ходимларига эътирозим йўқ.”
ТАҲРИРИЯТ: гувоҳи бўлганингиздек, шубҳалар асоссиз бўлиб чиққан. Аммо мурожаатдаги ҳолатлар юзасидан тегишли тартиблардан бохабар этилгани қувонарли. Бу эса соҳа доирасида олиб борилаётган ишларга соя солаётган шубҳаларга муносиб жавоб бўла олди, десак муболаға эмас.
“ТАЪЛИМ КРЕДИТИ” МАШМАШАСИ
“Ёшим 82 да. Ногиронлик нафақаси оламан. Турмуш ўртоғим эса 85 ёшда, қарилик пенсиясига чиққан. Касаллик сабабли вафот этган қизимнинг фарзанди бизнинг қарамоғимизда. Яъни хўжайиним васийликка олган. Ана шу набирам юртимиздаги олий ўқув юртида контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Ана шу контрактни тўлашда таълим кредити олмоқчи бўлдик. Аммо на маҳалла жамғармасининг туманимиздаги бўлими, на туман ҳокимлиги томонидан ҳеч бир амалий кўмак ёки тушунтириш берилмади. Фақат рад этилди. Ўйланиб қолдим: давлатимиз томонидан таъсис этилган хайрия жамғармалари, ажратилаётган ёрдам пуллари бизга ёки менинг набирамга ўхшаган боқувчисини йўқотганларга эмасми?”.
З.Беғамова, Қашқадарё вилояти
Қамаши тумани “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғини
Таҳририят: муштарий ўзи тўқнаш келган вазиятга “қорни тўқнинг қорни оч билан не иши бор” деган нақл доирасида хулоса қилган. Марказий банкнинг Қашқадарё вилоят бош бошқармаси бошлиғи Т.Каримов имзоси билан тақдим этилган маълумотларга кўра, мурожаатчига таълим кредити олишнинг тартиб-қоидалари юзасидан тушунтириш берилган. Тегишли йўриқнома билан таништирилган. Шунингдек, жавоб хатида мурожаатчининг ҳам тушунтириш хати илова қилинган. Унда 2014 йилнинг феврал ойида, яъни ўқув йилининг 2 семестрида суғурта полиси орқали мазкур кредитни олиши имконияти яратилгани ҳақида маълумотлар қайд этилган. Ушбу ҳолат билан танишар эканмиз, бугунги кунда давлатимизда ечими йўқ масаланинг ўзи йўқ. Фақат айрим масъуллар фуқароларнинг мурожаатига жиддийроқ эътибор қаратишса, кифоя, деган бўлардик.
ЯНА ЎРТА-МАХСУС МАЪЛУМОТЛИЛАР МАСАЛАСИ
Андижон педагогика билим юртида 1988 йили ўқишга кириб, 1992 йили битирганмиз. 2008-2009 йили Андижон Университетида имтиҳон тестидан ўтдим ва Тошкентдаги Тест марказига суҳбатга бордим. Хуллас, синовлардан кейин мен каби барча синов топширганларга омад тилаб, сертификатни олишга келишимизни айтишганди. Аммо мен оилавий муаммолар сабаб бора олмадим. Аммо яқин-яқинларда ҳам ўша сертификатни олганлар ҳақида эшитиб, яна умид уйғонди. Сизга мурожаат қилишимдан мақсад эса, ўша сертификатни қай тартибда, қаердан олишим мумкинлиги ҳақида маълумот берсангиз.
Андижонлик муштарий
Муштарий ушбу мактубни оила-аъзоларидан сир сақлаган ҳолда ёзганини инобатга олиб, унинг исм-фамилиясини ошкор этмасдан саволларга жавоб тақдим этишни лозим топдик. Шунингдек, муштарий мурожаатида 2001-2002 йилларда Асака педагогика билим юртини битирганлар қаерларда ишлаши мумкинлиги, ўша йилларда педагогика соҳасида билим юртини битирганлар бошланғич синфларга қайси фанларда дарс бера олиши, Қирғиз-ўзбек университетини битирганлар дипломлари билан яна қандай фаолият юритишлари ҳақида бир неча саволларни ҳам йўллаган.
ТАЪЛИМ ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРМАГАНИ УЧУН…
Давлат тест маркази директори Б.Исмаилов имзоси билан ушбу мурожаатга жавобан тақдим этилган маълумотлар қуйидагича:
— Андижонлик мурожаатчи 2004-2008 йилларда Қирғиз-Ўзбек Университетида “Педагогика ва бошланғич таълим методикаси” мутахассислиги бўйича сиртқи таълим шаклида ўқиб диплом олган ва уни нострификациялаш учун 2009 йил 20 августда Давлат Тест марказига тегишли ҳужжатларни топширган. Унинг таълим ҳужжатлари “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида Низом” талаблари асосида махсус экспертизадан ўтказилган ва экспертиза хулосасига кўра аниқланган фанлардан махсус синов топшириши белгиланган. У хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш бўйича 2009 йил 25 декабрда Андижон вилоятида ўтказилган махсус синовда иштирок этиб, “Ўзбекистон тарихи” фанидан 40 балл ва мутахассислик фанидан 46 балл ва 2010 йил 26 март ҳамда 1 май кунлари эксперт комиссиясининг “Оғзаки суҳбат” тарзидаги синовларида қатнашиб салбий натижа олган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда 1992 йил 1 январдан кейин хорижий давлатлар таълим муассасаларига ўқишга кириб, “Бошланғич таълим методикаси” ва “Тарих” таълим йўналиши бўйича олинган дипломлар Ўзбекистон Республикаси Давлат таълим стандартлари ва таълимга оид ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олинмаслигини ва нострификация қилинмаслигини маълум қиламиз.
Таҳририят: хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш билан боғлиқ мавзуда таҳририятга мурожаат қилаётганлар ҳам талайгина. Ушбу маълумотлар маълум маънода тизимдаги айрим саволларга жавоб бўлади, деган умиддамиз. Кейинги сонларда эса айнан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш тартиблари, шартлари ва тўловлари ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этиш ниятидамиз.
* Мурожаатлар ва уларга тақдим этилган маълумотлар мазмуни сақланган ҳолда қисқартириб олинди.
P/S: Азиз муштарийлар! Ҳудудингизда ечимини кутаётган масалалар эътибордан четда қолишини истамасангиз, яшаш манзилингиз, исм-фамилиянгизни тўлиқ ёзиб, шахсий имзонгиз билан бизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 53-уй. Алоқа индекси: 100060. Шунингдек, ҳар куни соат 09.00 дан 19.00 гача (+99895) 194-64-16 рақамларига қўнғироқ қилиб ёки xatlar@darakchi.uz манзили орқали ўз саволларингиз билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Барно МАДАЛИЕВА тайёрлади





