АсосийJamiyat

Ҳар куни қарийб 7 минг киши инсон иммунитет танқислиги вируси қурбонига айланади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 35 миллион нафардан зиёд инсон иммунитет танқислиги вирусини юқтирган.

Ҳар куни қарийб 7 минг киши, жумладан, болалар XXI аср вабоси қурбонига айланмоқда. Бу мазкур касалликка қарши курашиш бўйича амалий чоралар қабул қилиш заруратини англатади, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталарининг Ўзбекистон Республикасида ОИВ/ОИТС тарқалишига қарши кураш бўйича БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишга бағишланган эшитувида шу ҳақда сўз юритилди.

Унда депутатлар, сенаторлар, вазирлик ва идоралар, халқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз ОИТСга қарши глобал курашда фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари ва ОИВ/ОИТС бўйича декларациясини амалга оширишга оид мажбуриятлар доирасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар бўйича санитария-эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Мамлакатимизда яратилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йилда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”, 2013 йилда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлари, Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа қатор ҳужжатлар бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Эшитувда экспертлар қайд этганидек, сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш масалаларига ёндашув тубдан ўзгариб, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигига талаб ошиб бормоқда.

Ижобий натижага эришиш йўлидаги шундай ҳамжиҳатликни мамлакатимизда амалга оширилаётган 2013-2017 йилларда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича стратегик дастур мисолида кўриш мумкин. Дастурда касалликка чалиниш ҳолатларини қисқартириш ва беморларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини янада такомиллаштиришга йўналтирилган комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланган. Ушбу мақсадга эришишда тиббий ходимлар касб маҳоратини ошириш ва барча тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил тушунтириш ишлари мазкур касалликнинг олдини олиш ва барқарор эпидемиологик вазиятни сақлашга ёрдам бераётганини таъкидлади. Ушбу жараёнда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат тузилмалари ҳам фаол иштирок этаётир. Бунинг самарасида аҳолининг касаллик тўғрисидаги хабардорлиги ошиб, тиббий кўрикдан ўтаётганлар сони ўсиб бормоқда.

Эшитув якуни бўйича ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш ва унинг тарқалишининг олдини ўз вақтида олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, касалликнинг тарқалишига қарши курашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

    Бошқа янгиликлар