Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида «Ўзархив» агентлиги бош директорининг «Ўзбекистонда архив ишининг ҳолати ва унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари тўғрисида»ги ахбороти эшитуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Муҳаммадиев, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов, «Ўзархив» агентлиги бош директори А.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида архив ишини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади, дея хабар беради ЎзА.
Архив ҳужжатларини фуқаролар, жамият ва давлатнинг ижтимоий, маданий, илмий ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилишини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Шу мақсадда архив ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланишни ташкил этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Архив иши соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш ва бошқаришда 2010 йил 15 июнда қабул қилинган «Архив иши тўғрисида»ги қонун ва бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир. Соҳада яратилган мукаммал қонунчилик тизими архивларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, электрон архив фондларини ташкил этиш, ҳужжатларни қайта тиклаш ҳамда рақамлаштиришнинг замонавий ускуналари билан жиҳозлашда янги истиқболларни очмоқда.
2014 йилга келиб мамлакатимизда 102 давлат, 111 идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архиви ва идоравий архивлардаги миллий архив фонди ҳужжатлари қарийб 9,6 миллион сақлов бирлигига етган. Давлат архивларида миллий тарихий аҳамиятга эга бўлган 555 минг сақлов бирлигидан зиёд алоҳида ноёб ҳужжат тўпланган. Кейинги йилларда хорижий мамлакатлардан 2,5 мингдан ортиқ тарихий, илмий, сиёсий, маданий ҳужжатларнинг нусхалари олиб келинди.
Инвестиция дастури доирасида 2009-2013 йилларда 19 янги архив биноси қурилди, 5 архив биноси реконструкция қилинди. Натижада архивлар балансида бўлган бинолар 2013 йилда қарийб 95 фоизга етиб, 2,7 миллион сақлов бирлигидаги ҳужжатларни сақлаш имкониятини яратди.
Давлат архивлари томонидан 2013 йилда 135 мингдан ортиқ ижтимоий-ҳуқуқий сўровга жавоб берилган. Бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан 164 фоиз кўпдир.
Тадбирда архив иши билан боғлиқ ҳужжатларни рақамлаштириш, марказий давлат архивларини қўшимча техник ускуналар билан жиҳозлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суғурта фондини қайта тиклаш, кадрларнинг касб билим ва малакасини ошириш, архив ҳужжатларининг халқаро ва мамлакат кўргазмаларини ўтказиш, соҳага оид маълумотлар электрон базаларини тўлиқ шакллантириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.





