Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Сингапур ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо-саноат, сармоя, суғурта, банк-молия, машинасозлик, энергетика, юқори технологиялар, экспорт-импорт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электр техникаси, кимё, металлургия, кўнчилик, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, таълим ҳамда бизнес-консалтинг каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда жадал тараққий этмоқда. Бунда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, ҳаво транспорти қатнови ва гуманитар соҳаларга оид қатор битимлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2013 йилда 47,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатимизда сингапурлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган, энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби соҳаларга ихтисослашган 33 қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Анжуманда меҳмонларга мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, “Навоий” эркин индустриал зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” иқтисодий зоналарида яратилган қулайлик ва имкониятлар тўғрисида маълумот берилди.
Тадбирда Ўзбекистон билан Сингапур ўртасида иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилди. Савдо-сармоя, энергетика, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик, электр техникаси, кўнчилик каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш, бу йўналишларда биргаликда икки томон учун ҳам фойдали сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бизнес-форум доирасида Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Сингапур ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.





