АсосийJamiyat

Эскирган технологиялар оқибатида оқова сувлар етарли даражада тозаланмаётгани маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 74-моддаси ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари П.Реймов, Тошкент шаҳар «Сувсоз» давлат унитар корхонаси бошқарувчиси Б.Маннонов ва бошқалар иштирок этишди.

«Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 74-моддасида сув иншоотларига оқоваларни оқизиш ва бу жараённи назорат қилиш тартиб-тамойиллари белгиланган. 2013 йилда депутатлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан назорат-таҳлил тартибида пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги «Салор», «Бўзсув» аэрация станциялари, Бектемир сув тозалаш, «Сувоқова» Чирчиқ шўъба ишлаб чиқариш корхонаси тозалаш иншоотлари фаолиятида бу нормаларга амал қилиш ҳолати ўрганилган эди. Бу жараёнда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма қарор имзоланди. Йиғилишда қарийб бир йил мобайнида мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, тегишли ташкилотлар томонидан қонун талабларини бажариш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнида сув намуналари таҳлил этилмоқда. Корхоналарнинг кимёвий ва микробиологик лабораториялари, санитария-эпидемиология назорати марказлари, табиатни муҳофаза қилиш идоралари мутахассислари сувга салбий таъсир етказилишининг олдини олишга доимий эътибор қаратмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 16 декабрдаги «Ислом тараққиёт банки иштирокида «Тошкент шаҳрининг канализация тизимини такомиллаштириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси натижасида тозалаш иншоотларининг моддий-техник салоҳияти янада мустаҳкамланмоқда. Пойтахтимиздаги учта канализация иншоотини реконструкция қилиш ва янги асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди.

Йиғилишда бу борада ижобий ишлар билан бирга, камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, коммунал хўжалик тизими ҳамда қатор хўжалик юритувчи субъектларда эскирган тозалаш технологиялари ва ускуналаридан фойдаланилмоқда. Оқибатда сув тозалаш иншоотларига юқори даражада ифлосланган оқовалар ташланмоқда. Бу сув тозалаш иншоотлари ва аэрация станциялари иш самарадорлиги пасайишига, оқовалар етарли даражада тозаланмасдан табиатга чиқарилишига сабаб бўлаётир.

Тадбирда коммунал хўжалиги, саноат корхоналари ва ташкилотларга сув иншоотларига оқова оқизишда қонун талабларини бажариш, белгиланган меъёрларга тўла риоя қилиш юзасидан тавсиялар берилди. 

    Бошқа янгиликлар