Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида Цемент заводи очилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибига кирувчи “Жиззах цемент заводи”нинг очилиш маросимида бир қатор вазирлик ва идора вакиллари, Жиззах вилоят ҳокимлиги шунингдек турли давлат ва жамоат ташкилотлари рахбарлари иштирок этдилар.
Маросимда иштирок этганлар замонавий қурилиш материлларини кўпайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспортга йўналтириш мақсадида юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг мазмун моҳияти ҳусусида гапирдилар. Таъкидлаш керакки, қурилиш учун зарур бўлган цементни ишлаб чиқариш жараёнида энергия заҳиралари сезиларли даражада иқтисод қилинишига эришилади. Ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё заводдан 1,5 км масофа узоқликдаги «Балиқли» ва «Кўтарма» тоғлари ёнбағридан топилган оҳактош заҳираси 150 йилга етиши таъкидланмоқда.
Жиззах цемент заводи қурилиш ишлари 2013 йилнинг апрель ойида бошланган эди. Мазкур завод ишга тушиши билан 430 нафар мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлди. Ишлаб чиқариш жараёнига ёшлар билан бир қаторда тажрибали инженер механиклар ҳам жалб этилди.
Туркиянинг «Dal teknik» компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган мазкур заводда барча бошқарув тизими автоматлаштирилган.
Айни пайтда янги ишга туширилган завод йилига 350 минг тонна оқ цемент ва 760 минг тонна портланд цементи ишлаб чиқариш қувватига эга. Дунё бозорида оқ цементга талаб юқори бўлгани боис ишлаб чиқарилган цементнинг 70% дан ортиғи экспортга йўналтирилади.