Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройида Корея Республикаси рассомларининг кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси ва Корея тасвирий санъат уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазманинг очилишида турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, рассомлар, санъат ихлосмандлари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданият ва санъат йўналишларида ҳам изчил тараққий этиб бораётгани таъкидланди. Мамлакатимизда корейс рассомларининг бадиий ва фотокўргазмалари, корейс киноси кунларини ўтказиш, Жанубий Кореяда эса Ўзбекистон санъати ютуқларини акс эттирган кўргазмалар, концертлар ташкил этиш яхши анъанага айланган.
Пойтахтимизда очилган ушбу кўргазма мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг яна бир ифодаси бўлди. Унда кореялик мусаввирлар ҳамда юртимизда яшаб, ижод қилаётган корейс миллатига мансуб рассомларнинг уч юздан ортиқ асари намойиш этилмоқда.
Кўргазмадан ўрин олган асарлар, ёрқин рангларда акс эттирилган турфа композициялар санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирмоқда.