Ўзбекистонда статистика ахборотларининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш мақсадида халқаро статистик ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда.
Эндиликда барча маҳаллий ва хорижий фойдаланувчилар учун республиканинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари реал факторлар асосида халқаро амалиётда қўлланилаётган тизим орқали кузатув олиб борилади. Шу мақсадда Давлат статистика қўмитаси ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан Халқаро валюта фондининг кенгайтирилган Маълумотларини тарқатишнинг умумий тизими (ХВФ к-МТУТ) га уланиш бўйича иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон тарқатаётган расмий ахборотларнинг нечоғлик очиқ-ошкоралиги, маълумотларнинг ҳаққонийлигини кузатиш мақсадида Халқаро валюта фонди махсус экспертлар гуруҳининг 2018 йил январ-феврал ойларида юртимизга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.