АҚШ президенти Дональд Трампнинг маъмурияти жойлашган Оқ уйнинг ғарбий қанотида ходимларнинг шахсий мобил телефонлардан фойдаланиши тақиқланди, деб хабар берди Tvzvezda.ru нашри.
Тақиқлов келгуси ҳафтадан амал қила бошлайди.
“Оқ уй технологик тизимларининг хавфсизлиги ва дахлсизлиги Трамп маъмурияти учун устувор ҳисобланади, шу сабабли кейинги ҳафтадан бошлаб ғарбий қанотда меҳмонларга ҳам, ходимларга ҳам шахсий мобил телефонлардан фойдаланишга рухсат берилмайди”, деб ахборот берди Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс.
Сандерснинг айтишича, ходимлар шахсий масалаларни ҳал қилишда хизмат қурилмаларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Bloomberg ахборот агентлигининг маълум қилишича, ходимлар оила аъзолари зарурат туғилганда улар билан боғлана олмасликларидан хавотир билдиришган.
Ушбу тақиқлов киритилишини Оқ уй аппарати бошлиғи Жон Келли хавфсизлик нуқтаи назаридан талаб қилган. Унинг фикрича, Ғарбий қанот Wi-Fi тизимига жуда кўп қурилмалар уланган, шахсий смартфонлар эса бузиб кирилишдан етарлича ҳимояланмаган.






