1

Тўйдаги жанжал фожиага айланди

ЖАМИЯТ 05.04.2014, 10:57
Тўйдаги жанжал фожиага айланди

Халқимиз ўзининг тўй ва ҳашамлари билан довруғ қозонган. Боиси, тўйларимиз доимо кўтаринки руҳда, шоду хуррамлик билан ўтади. Қувонарлиси, бундай маросимларда қариндошлар, яқинлар жамулжам бўлиб, дилдан суҳбат қурадилар, узоқ вақт кўриша олмаганлар шу баҳона кўришадилар. Тўй уларни бир-бирлари билан янада яқинлаштиради. Афсуски, қуйида баён этиладиган воқеада бунинг акси бўлди. Тўйда чиққан жанжал охир-оқибат аянч­ли фожиа билан интиҳо топди.

2013 йил 11 январь куни Чироқчи туман марказида жойлашган "Ёшлар Маданият маркази" тўйхонасида ўтказилаётган Отақул Эшоновнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) никоҳ тўйида унинг яқинлари-ю, қариндош уруғлари жам бўлишди. Улар қатори Ўрмон Олимов ҳам турмуш ўртоғи Дилрабо Ҳусанова ҳамда фарзандлари Шарифа ва Соҳибжонлар билан ташриф буюрган эди.

Ў.Олимов базмни бироз томоша қилиб ўтиргач, яқинларининг столига ўтди. У ерда қариндоши Сайфулла Мурадов ҳам бўлиб, улар нима учундир чиқишолмас, ораларида аввалдан адоват бор эди. Шунинг учун бўлса керак, С.Мурадов Ў.Олимовга бу стол­га ўтирмасликни айтиб, уни ҳайдайди. Оқибатда иккаласи жанжаллашиб қолади-ю, ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилган Ў.Олимов пиё­ладаги ароқни С.Мурадовнинг юзига сепиб юборади ва мастлиги туфайли ўзини бошқара олмай, унга ташланади. С.Мурадов эса ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бўш шиша билан Ў.Олимовнинг бошига уради. Жанжалга Отақулнинг ўғли Соҳибжон аралашади. Бу орада Соҳибжон пешонасига бўшаган шиша зарбасини қабул қилиб олади.

Асабларини жиловлай олмаган ота-ўғил зумда қаердандир ошхона пичоғи топиб келиб, С.Мурадовни ўлдириш мақсадида унга ташланишади. Аммо тўйхонадагилар уларни ажратиб қўйишади. Пичоқни эса тортиб олиб, отиб юборишади.

С.Мурадов бўлса тўйхонадан чиқиб, автомашинасига ўтиради-да, уйи­га кетиб қолади. "Рақиблар"ининг бундай ҳаракатидан ота-ўғилнинг кўксидаги қасос ўти янада аланга олиб кетади. Ундан ўч олиш мақсадида ортидан тушишади. Манзилга етиб боргач, автомашинадан таёқ олиб, С.Мурадовнинг уйига бос­тириб киришади.

— Ҳой, Сайфулла, буёққа чиқ. Эркакчасига гаплашиб оламиз, — дея бақиради Ў.Олимов.

Уларнинг овозини эшитган уй эгаси ҳовлисига чиқиши билан унга ташланишади. Тепиб йиқитгач, таёқ ва белкурак билан С.Муродовни турмуш ўртоғи ҳамда қизининг кўз ўнгида аёвсиз калтаклашади. С.Мурадов ҳушсиз ҳолатга келгандан сўнг ўлган деб ўйлаб, воқеа жойидан қочиб кетишади. Йўл-йўлакай таёқ ҳамда белкуракни дарёга отиб юборишади.

Қариндошлари зудлик билан С.Мурадовни шифохонага олиб боришади.

Қариндошидан "боплаб" ўчини олган бўлса-да, Ў.Олимов ҳали аламидан чиқмаган экан. Оғир тан жароҳати олиб, ҳаёт билан олишиб ётган С.Мурадов Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келинганлигини эшитган "муштумзўр" шифохонага етиб келиб, бу ерда ҳам жанжал уюштиради. У касалхонада беморнинг ҳолидан хабар олиш учун келган жаб­дийданинг қариндошлари Ф.Шодмонов, Т.Яхшибоев ва А.Ниёз­қуловларни уриб-дўппослайди.

Афсуски, шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтиб, Сайфулла Мурадов шифохонада вафот этади.

Қонунлари устувор юртда жиноят жазосиз қолмайди. Инсон ҳаётига қасд­дан хавф солиб, унинг жонига тажовуз қилган кимсаларнинг бундай ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди ота-ўғилнинг қилмишларига қонуний жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди. Унга кўра, Ўрмон ҳамда Соҳибжон Олимовлар умрларининг 19 йилини симтўрлар ортида қарши олишади.

Афсуски, жаҳлни бошқара олмаслик бир оиланинг икки аъзосига панд берган бўлса, иккинчи хонадондан яна бир кишини ҳаётдан бевақт олиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Huquq” газетаси материали асосида тайёрланди

Отабек ШОИМОВ, Бош прокуратура бўлим прокурори

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1