Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов бундан 4-5 йил аввал Муқимий номидаги мусиқали драма театрида раҳбар бўлганидан хабарингиз бор. Турли сабабларга кўра лавозимдан кетишга тўғри келган актёр шу кунгача бу мавзуда умаман гапирмаган эди. Аммо биз билан бўлган суҳбатда ўшанда директорликдан кетишига нима сабаб бўлгани ҳақида очиқчасига гапирди.
Мурод Ражабов: — Театрдан кетиш сабаби ҳақида шу кунгача ҳеч қаерда гапирмагандим. Лекин бугун балки гапириб ўтишим ўринли бўлар. Хуллас қандайдир уйдирма гаплар туфайли, йиллар давомида ҳамкасбларим деб юрганлардан сотқинлик кўрдим. Улар қандайдир арзимас сабабларни кўрсатиб, устимдан шикоят қилишди. Биласизми, ўша хатни менга ҳам кўрсатишганда, ёзилган гапларни ўқиб очиғи, кулгим келди. Кимга ёлғон, менга чин матнда ёзилган гапларнинг ҳатто 99 фоизи ҳам ҳақиқат эмас эди. Индамадим. Ўша пайтда мавжуд бўлган “Ўзбектеатр” бирлашмасига чақиртириб, ишдан кетишимни айтишганида ҳам эътироз билдирмай, ишдан бўшаш аризамни ёзиб кетганман. Ҳозир бировларни ёмонлаб, ўзимни яхшилаш ниятидан йироқман. Раҳбарлик давомида ҳаммасини фақат театр ва санъатимиз учун бажардим. Буни бандаси кўрмаса, Ўзи гувоҳ. Фақат ҳозирги суҳбатимизда бир гапни айтиб ўтмоқчи эдим. Театр жамоасидан ташқарида ҳам вақтида ҳурмат қилиб “ака-ака” даганлар, ижодимдаги бу оғир кунларда ўзини олиб қочгани ва гўё мени ҳеч қачон танимагандек тутишларидан ҳафа бўлдим. Инсон қийин вазиятларда бошқалардан фақат инсонийлик кутишини унутиб қўймаслик керак, назаримда...
Маълумот ўрнида: Айни кунларда Муқимий номидаги мусиқали драма театрига Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов раҳбарлик қилиб келмоқда.






