АсосийJamiyat

ҚАДИМ БУХОРОНИНГ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН 7 МУҚАДДАС ҚАДАМЖОСИ

'ҚАДИМ БУХОРОНИНГ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН 7 МУҚАДДАС ҚАДАМЖОСИ'ning rasmi

Қадим Бухоро шаҳрига келган киши ушбу муқаддас заминда қўним топган етти буюк авлиё – пирлар қабрини зиёрат қилиши мақсадга мувофиқ. Неча замонлардан буён бу анъана давом этиб келмоқда.

Бунинг учун Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий (Шофиркон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хожа Али Роминатий (Ромитан), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (Ромитан) ва Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбандий (Когон) қабрлари жойлашган масканлар кетма-кетликда зиёрат қилинади. Бугунги кунга келиб, зиёрат туризмини маъқул кўрувчилар айнан шу муқаддас қадамжоларга ташриф буюришмоқда.

ANUR TUR туроператорлиги экспертларининг маълум қилишича, зиёрат Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон)нинг қабридан бошланади.

Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари 1103 йили Ғиждувонда туғилиб, 1179 йилда вафот этган. Хожагон тариқатининг асосчиси ҳазрат Абдуҳолиқ авлиёларнинг султони ва бошқа номлар билан шарафланган. Хизр алайҳиссалом, Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмидан таълим олган. Ғиждувонийнинг оталари ҳазрат Имом Абдулжамил асли румлик бўлиб, Имом Молик (713-795) авлодларидан. Манбаларда келтирилишича, Ғиждувоний ҳазрати Нақшбандийнинг иккинчи маънавий устози бўлиб, Хожагон тариқатига асос солган. Айни шу тариқат Нақшбандий томонидан такомиллаштирилиб, унинг номи билан Нақшбандия номи билан атала бошлаган. Барчамизга маълум “Даст бакор, дил баёр!”(“Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин!”) шиори ҳам биринчи марта Абдуҳолиқ Ғиждувоний томонидан айтилган.

Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳазратлари улуғ авлиё, илм, ҳилм, тақво, риёзат ва ибодат аҳлидан. Хожа Ориф Моҳитобон номи билан машҳур. Шофирконнинг Ревгар қишлоғи таваллуд топган. Умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланган. Хожа Ориф Ревгарий 100 йил ҳаёт кечирган. Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида бу зот ҳақида маълумотлар келтирилган.

Учинчи зиёратгоҳ Вобкент туманида, шаҳарга етмасдан ўнг томонга кириб кетган йўлда жойлашган. Бу масканда Хожа Ориф Ревгарийнинг шогирди, улуғ авлиёлардан бўлмиш Маҳмуд Анжир Фағнавий қўним топган. Силсилаи олиянинг ўн биринчиси, Бухоронинг Фағна қишлоғида таваллуд топган, 1315 йилда вафот этган. Меъморчилик билан шуғулланган.

Навбатдаги икки авлиёнинг қабри Ромитан туманида жойлашган.Вобкентдан Янгибозор, Ибн Сино туғилган Афшона қишлоғи ва Роминат шаҳри орқали Бухоро-Газли йўлига чиқиб, уни кесиб ўтилса, тўғрида Хожа Али Ромитаний ҳамда Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳларига элтадиган йўл чиқади. Ичкагира бир километрча юрилганидан сўнг айлана йўлдан тўғрига 300 метрлар юрилса, ўнг томонда дастлабки зиёратгоҳ дарвозаси келади.

Хожа Али Ромитаний 1191 йили Ромитан туманидаги Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. Хожагон-нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, аллома, кароматпеша, юксак маънавий мақом соҳиби, қутби замон Хожа Али Ромитаний тасаввуф таълимотини ҳаётга яқинлаштириш ва тарбия воситасига айлантиришга улкан ҳисса қўшган. Мато тўқиш касби билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат билан кун кечирган ва тўқувчиларнинг пири ҳисобланган. Тариқатдаги устози Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бўлса, Муҳаммад Бобойи Самосийга устозлик қилган. Халқ ва тасаввуф аҳли орасида Хожаи Азизон ва Ҳазрати Азизон номлари билан машҳур бўлган. Румий, Жомий ва Навоий асарларида бу зот ҳақида маълумотлар келтирилган. 1321 йилда вафот этгани айтилади (130 ёш).

Хожа Али Ромитаний зиёратидан чиққандан сўнг озгина ортга қайтиб, айлана йўлдан чапга бурилиб, 5 чақирим босиб ўтилганида эса иккинчи манзил мунтазир кутади.

Муҳаммад Бобойи Самосий хожагон – нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, соҳибкаромат валиюллоҳ. 1259 йилда Ромитан туманидаги Самос қишлоғида таваллуд топган, боғбончилик билан тирикчилик қилган, деҳқонларнинг пири бўлган. Саййид Амир Кулол ҳазратларининг устози ҳисобланади. Халқ орасида Шамси Ҳақ, Ҳазрати Бобо номи билан машҳур. Муҳаммад Боқир (“Мақоми Шоҳи Нақшбанд”), Мавлоно Шаҳобиддин (“Мақомоти Саййид Амир Кулол”), Абдураҳмон Жомий (“Нафоҳатул унс”), Алишер Навоий (“Насойим ул муҳаббат”), Носириддин Тўра (“Туҳфат аз зоирин”) асарларида у киши ҳақида маълумотлар келтирилган.

Саййид Амир Кулол зиёратидан сўнг охирги манзил – Хожа Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳига йўл олинади. Таомилга кўра, бу зот зиёратига келганлар дастлаб оналарининг қабрига бориш керак Шундан сўнг ҳазрати Баҳовуддин Нақшбандий зиёратига йўл олинади. Нақшбандий зиёратгоҳи аввалгиларидан анча обод, анчагина гавжум экан. Бу зот ҳақида эса интернетда етарлича маълумотлар мавжуд, кўпчилигимиз у киши ҳақида биламиз ва Когонга бир неча марта келиб-кетганмиз. Мажмуанинг жами майдони 20 гектардан ошади. Бу ерда зиёратчилар, намозхонлар учун қулай шароитлар яратилган, ҳам зиёрат қилиб қалбингиз таскин топади, ҳам томоша қилиб кўзингиз қувнайди.

    Бошқа янгиликлар