Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари VII “BankExpo – 2014” миллий кўргазмаси бошланди.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциацияси, Банклар ассоциацияси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди, дея хабар беради ЎзА.
Бугунги кунда тижорат банкларининг юридик ва жисмоний шахсларга, бизнес тузилмаларига кўрсатиши лозим бўлган хизмат турлари кўпаймоқда. Кейинги бир йилда банкларнинг амалдаги операциялари ва хизмат турлари сифат жиҳатидан такомиллашди. Хусусан, жорий йилдан кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдиришга кредит маблағлари ажратиш муддати 12 ойдан 18 ойга узайтирилди. Кичик тадбиркорлик тузилмаларини кредитлаш тартиби соддалаштирилиб, банк иши соҳасида рухсатномалар бериш тартиби янада эркинлаштирилди. Натижада банк хизматларидан фойдаланиш даражаси тобора юксалмоқда. Хусусан, ҳар 100 минг катта ёшдаги аҳолига қарийб 50 банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг кишига бир минг ўттизга яқин банк ҳисобрақами очилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Мазкур анъанавий кўргазма мижозларни кредитлаш шартлари, механизмлари ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси билан яқиндан таништиришга хизмат қилаётир. Унда барча тижорат банклари, лизинг берувчилар ассоциацияси, етакчи суғурта компаниялари, маҳаллий ва хорижий ахборот технологиялари компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан қатнашмоқда. Зеро, кўргазма мижозларнинг банкларга бўлган муносабатини шакллантириш, ишончини мустаҳкамлаш, замонавий хизмат турларини жорий этиш ва такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилади.
Кўргазманинг асосий йўналиши “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, оилавий бизнес, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган таълим муассасалари битирувчилари, уй меҳнатини енгиллаштириш мақсадида хотин-қизларга таклиф этилаётган банк хизматлари бўйича маълумот ва маслаҳатлар беришга қаратилди.
Айни пайтда мамлакатимиз банк тизимида юқори технологик ишланмалардан кенг фойдаланилаётир. Уларнинг ривожланиш истиқболларини халқаро рейтинг компаниялари “барқарор” деб баҳоламоқда. Мазкур кўргазмада ҳам банк-молия соҳасининг янги замонавий технологиялари ва маҳсулотлари, интерактив хизматлар, хусусан, мижозларни интернет орқали жалб этишнинг замонавий усуллари каби банк ва мижозлар ўртасидаги муносабатларни юқори поғонага олиб чиқувчи янги ахборот дастурлари намойиш этилмоқда.
Кўргазмада кичик бизнесни, жумладан, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда банк тизими билан ҳамкорлик қилиб келаётган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси каби қатор ташкилотлар фаол иштирок этмоқда.
Мамлакатимизда ўттиздан ортиқ банк самарали фаолият юритмоқда. Уларда кўрсатилаётган барча хизмат турлари ҳақидаги маълумотлар “Кўргазма савдо маркази” павильонларидан жой олган. Шунингдек, банк тизими ходимлари ва иштирокчиларнинг самарали мулоқот ўтказиши учун шароитлар яратилган бўлиб, семинарлар, тақдимотлар, учрашувлар, маҳорат сабоқлари қизғин давом этмоқда. Бунда аҳоли ва банк мижозлари таклиф этилаётган хизматлар билан танишиш, таққослаш, мутахассислардан керакли маслаҳатларни олиш, музокаралар ўтказиш имконига эга бўлди.
Икки кунлик кўргазмада тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳқон-фермерлар, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган танловлар ғолиблари аниқланади. Уларга имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилади.