“Ўзэкспомарказ”да “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2014”, “Фармацевтика саноати – AptekaExpo Central Asia 2014” ҳамда “Стоматология – Stomatology Uzbekistan 2014” халқаро кўргазмалари очилди.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, “Ўзтибтехника” масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси билан ҳамкорликда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди, дея хабар беради ЎзА.
2013 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Соғлом бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида тиббиёт муассасалари қуриш ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда мунтазам ўтказиб келинаётган халқаро тиббиёт кўргазмалари тиббий-илмий янгиликлар ва технологиялар билан танишиш, соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратиш орқали соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу йилги кўргазмаларда Австрия, АҚШ, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Италия, Литва, Нидерландия, Польша, Россия, Словакия, Хитой, Чехия, Швейцария, Япония, Ҳиндистон каби йигирмадан ортиқ мамлакатдан бир юз элликка яқин компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Павильонларда замонавий ташхис аппаратлари, ортопедия, стоматология, имплантология ва жарроҳлик асбоб-анжомлари, дори-дармонлар намойиш қилинмоқда.
Кўргазма доирасида илк марта “Тиббиёт туризми” шўъбаси ҳам ташкил этилди. Унда “University Medical Center Freiburg” (Германия), “Kardiolita” (Литва) ва “Acibadem Hospitals Group” (Туркия) каби тиббиёт муассасалари соғломлаштириш хизматлари билан иштирок этмоқда.
Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, мазкур тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, фармацевтика бозорини аҳоли талаб ва эҳтиёжларига мос, безарар ва самарали дори-дармонлар билан тўлдириш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар самарасида мазкур соҳада фаолият юритувчи муассасалар сони тобора кўпайиб бораётир.
Ўзбекистонда стоматология соҳаси жаҳон тиббиёти ва илм-фани билан ҳамқадам ривожланмоқда. Беморларга тез ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, тиш, милк, оғиз бўшлиғидаги нуқсонларни самарали даволаш имконияти кенгаймоқда. Стоматология клиникалари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Аҳолига тиббий профилактика ёрдами кўрсатиш борасида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ўтказилаётган тиббий кўриклар юқори самара бермоқда. Стоматология соҳасида халқаро тажрибани ўзлаштириш билан бирга аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усуллари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Кўргазмалар мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, фармацевтика, стоматология ва тиббиёт туризмини янада ривожлантириш, чет эллик шериклар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш, соҳага оид талаб ва таклифларни ўрганиш ҳамда товар айирбошлашни кенгайтиришга хизмат қилади.