1

Шиша ичидаги шайтон жиянни тоғанинг қотилига айлантирди

ЖИНОЯТ 15.01.2018, 11:38
Шиша ичидаги шайтон  жиянни тоғанинг қотилига айлантирди

Тоир Исаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россияда ишлаб қайтгач, бузилган уяли алоқа телефонлари устаси бўлиб олди. Ҳозир техникани яхши тушинадиганларнинг ошиғи олчи. Кекса-ёшнинг қўлида шу матоҳ. Ҳамма ҳам унга киритилган вазифаларни яхши тушунавермайди. Баъзида билмай босилган битта тугма телефоннинг бузилишига сабаб бўлади. Тузатиб беришнинг нархи эса устанинг инсофига боғлиқ. Тоир ҳам шундай “уддабурон”лардан. Келажакда оила қуриб, шу ҳунари билан бир рўзғорни тебрата оларди. Аммо шиша ичидаги шайтон уни ўз тоғасининг қотилига айлантириб, панжара ортига улоқтирди.

ЧАЛА ҚОЛГАН УЛФАТЧИЛИК

2016 йил 8 декабрь. Тоир 35 ёшда бўлса-да, ҳали уйланмаган. Унинг ижарага олиб яшаб юрган уйига жияни — синглисининг ҳали вояга етмаган ўғли Жасур меҳмонга келди. Тоир оила масъулиятини бўйнига олишни истамаса-да, айни фарзанд эркалаб юрадиган ёшда эмасми, жия­нини кўриб жуда қувонди. Дарров қўлига пул тутқазиб, кўча бошидаги кабобдан яхшилаб пиширтириб олиб келишини, қайтаётганида битта ароқ ва битта "Кола" ҳам сотиб олишни буюрди. Жасур тоғасининг бу ҳотамтойлигидан шод, пулни олиб кўчага югурди. Соат 19:30лар чамаси тоға-жиян дастурхон атрофида ўтирганларида эшикдан Тоирнинг тоғаси А.Раимов ароқ кўтариб келиб қолди. Тоир тоғаси А.Раимов билан бирга иккита шишани бўшатиб, учинчисини ҳам олиб келтиришди. Тоир ташқарига чиқиб қайтиб кирганида тоғаси А. Раимов кетишга чоғланиб турарди. У қанчалик тоғасини улфатчиликни давом эттиришга ундамасин, кўндира олмади. Боягина хона четига улоқтирган курткасидан тоғасига “йўлкира” олиб бер­моқчи бўлди. Лекин не кўз билан қарасаки, чўнтак бўш эди.

"СЎНГГИ РАУНД"

Тоирнинг одати бор, агар улфатбозликни бошласа, “сўнгги раунд”гача давом эттиради. Бунинг учун албатта чўнтак бақувват бўлиши керак. Ҳали биринчи "раунд" тугамасидан чўнтаги бўшаб қолгани Тоирнинг жаҳлини чиқарди. Эшикка етиб борган тоғасининг елкасидан ичкарига тортди. “Чўнтагимдан ўғирлаган 39.000 сўм пулни қайтариб беринг”, дея талаб қила бошлади. Тоғаси шимининг икки чўнтаги аврасини ташқарига чиқариб пулга тегмаганлини айтсада, унга ўшқира кетди. Тоғасининг тинмай “олмадим”, дея алжираши Тоирни баттар жазавага туширди. Бироз олдин газак учун лимон кесган дас­тур­хондаги ёғоч дас­тали ош­хона пи­чоғини олиб, ўйлаб ўтирмай тоғасининг кўк­сига санчди.

Тоғасининг овози бирданига ўчиб, шилқ этиб ерга қулади. Тоир аввал ҳеч нарсани тушунмай энкайиб тоғасига қаради. Кўксига тиқилиб турган пичоқ остидан сизиб чиқаётган қонни кўриб, ҳуши жойига келди. Нариги хонада ширинлик­лар еб ўтирган жияни Жасурга қўшниларни чақириб келишни буюрди-ю, ўзи қўли қалтираб “Тез ёрдам”га, онасига қўнғироқ қилди. Кейин шоша-пиша пичоқни танадан суғуриб олиб, уйнинг томига отди.

ПАЙПОҚ ИЧИГА ЯШИРИЛГАН ПУЛ

Тоирнинг онаси Д.Эш­муродова ўғлининг телефондаги "тез келинг, укангиз Аҳмад яна ўғирлик қилди, қон чиқаяпти", деган овозидан довдираб қолди. Нима бўлганини тушунмай, ўғлининг уйи­га югурди. Ароқ ва тамаки ҳиди анқиб турган, бетартиб хона ўртасида укаси Аҳмад чўзилиб ётарди. Ўғли эса ўзини оқлаб нималарнидир уқтирарди. Дод солиб укасини қучоқлашини ҳам, фарзандига далда бўлишни ҳам билмай турганида, “Тез ёрдам” ходимлари етиб келишди ва А.Раимовни машинага солиб, шифохонага олиб кетишди. Шифохонада эса шифокорлар Д.Эшмуродовага Аҳмад Раимовнинг вафот этганлигини айтиб, марҳумнинг пайпоғи ичидан чиққан 39.000 сўм пулни қўлига тутқазишди...

Суд ҳукми ўқилди. Агар Тоир Исаев ўша заҳри қотилни ичмаганида арзимаган пул учун ўз тоғасини ўлдирмаган бўлармиди?! 1982 йилда туғилган, маълумоти ўрта, бўйдоқ, муқаддам судланмаган, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган Тоир Исаев Ўзбекистон Респуб­ликаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жасур Кенжаев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори.

Инобат ЭРНАЗАРОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1