Севимли «Суғдиёна»нгизда яна бир янги лойиҳа — «Solo». Энди биз дуэт ва гуруҳ тарзида ижод қилиб келаётган санъаткорларни яккама-якка суҳбатга чорлаб, улар билан янада яқинроқ танишишга ҳаракат қиламиз. Қани кўрамиз, гуруҳдошларисиз қолган меҳмонларимиз саволларимизга қай тариқа жавоб беришар экан. Лойиҳамизнинг илк қатнашчиси «Фарҳод ва Ширин» дуэтининг солистларидан бири хонанда Ширин!
— Суҳбатларда ҳамиша Фарҳод билан биргаликда иштирок этасизлар. Бу сафар эса ёлғизсиз. Эриш туюлмаяптими?
— Йўқ, ҳаммаси жойида. Ўйлайманки, саволларингизга жавоб бероламан.
— Интервьюдан кейин нималар ҳақида суҳбатлашганимизни айтасизми унга?
— Ҳа, ипидан игнасигача айтиб бераман (кулимсираб).
— Бундан чиқди, ўртангизда сир йўқ. Унга ишонасиз?
— Худди шундай. Ҳатто, Фарҳоднинг ўзи сўрамаса ҳам, нималар бўлганини айтиб берадиган одатим бор.
— Бўй-басти келишган йигит билан биргаликда ижод қиласиз. Ростини айтинг, унинг ёнида ўзингизни ноқулай сезган пайтларингиз бўлганми?
— Йўқ, негаки у мени ноқулай вазиятга солмайди. Фарҳод мен учун акамдек. Ўртамиздаги ҳис-туйғулар ҳам худди ака-сингилларники каби самимий.
— Фарҳодга сингилдекман деяпсиз-у, аммо иккингиз ёнма-ён турганингизда мухлисалари унга яқинлашишдан чўчишаркан.
— Буни ўзим ҳам биламан. Тадбир ё тўй хизматларида, қизлар ёнимга келиб Фарҳод билан бирга расмга тушиш учун мендан рухсат сўрашади. Шундан сезаманки, қизлар мени Фарҳодни рашк қилади, деб ўйлашади.
— Бундан чиқди рухсат бермаслигингиз ҳам мумкин экан-да расмга тушишга?
— Йўқ нега энди, ҳеч қачон қарши бўлмаганман.
— Ёлғиз қолишни истаган пайтларингиз бўлиб турадими, Ширин?
— Ростини айтсам, ёлғиз қолиб хаёл суриш, бу — менинг севимли машғулотим. Қўлимга бирор китобни оламан-да, озроқ мутолаа қилиб хаёлларга бериламан. Маза! Қаҳва ё асалли чой билан ўзимни сийлаб ҳам қўяман. Бунинг ўзгача гашти бор.
— Сир бўлмаса, нималарни ё кимни хаёл қиласиз?
— Тасаввуримда бахтли оилам, фарзандларим жонланади. Бундай ўйлардан қалбим аллақандай ҳисларга тўлади-ю, яшагим келади.

— «Фарҳод ва Ширин» дуэти номи билан танилдингиз, хўш, бу сизга нима берди?
— Энг аввало садоқатли, меҳрибон дўст топдим. Фарҳодга қараб туриб кўп нарсаларни ўрганаман. Унинг тўрт нафар опаси бор. Шунгами, қаерда, қандай муомала қилиш кераклигини, қиз бола ўзини қай тариқа тутиши лозимлигини доим уқтириб келади. Йигит ва қиз ўртасидаги муносабатларда эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлайди. Мени ўз опалари сингари бахтли кўришни истайди. Дуэтимиз менга ўзим истагандек ижод қилиш имконини берди. Бугун нимагаки эришган бўлсам, барчасида дуэтимизнинг «имзо»си бор.
— Қизиқ, дуэт тарзида ижод қила бошлагач, танилганингизни айтасизми, дегандим. Индамаган бўлсангизда, сўрайман: машҳурлик учун нималарни қурбон қилдингиз?
— ...ёшлигимни, ҳаётимнинг қайсидир қисмини, уйқумни, ҳотиржамлигимни, хуллас, кўп нарсани қурбон қилганман. Лекин машҳурлик учун шахсий бахтни қурбон қилишни истамайман.
— Яъни?
— Санъаткорлар давраисда «Ижодга кириб келдингми, фақат у билан яшашинг керак, бошқа ҳеч нимани ўйлама. Шунча ҳаракатларингдан биргина оила учун воз кечиб кетаверсанми», деган гаплар қулоққа чалинади, буни яширмайман. Уларни тушунишга ҳаракат қиламан, ҳақиқий санъаткор бўламан дегани ижоддан бўлак ўзгасини ўйламайди. Лекин мен учун оила керак.
— Чин дилдан айтяпсизми буларни?
— Шубҳа қилманг, сўзларим рост.
— Яқиндагина санъаткор аёллардан бири «Қанчадан-қанча ҳамкасбларимни биламан оилани танлаб, бугун афсус қилишяпти», деди. Шундан буён «Мен оилани танлайман» деганларга ишонишим қийин.
— Биласизми, санъаткор аёлнинг оилада бахтини топиши кўп жиҳатдан унинг турмуш ўртоғига боғлиқ. Агар танлаган инсони йиллар давомида эришганларидан воз кечишга лойиқ бўлса, ҳечам иккиланмай оилам деявериши керак. Чунки ҳақиқий бахти ёнида. Мен шундай қилган бўлардим. Сиз айтаётган вазият эса бунинг акси. Шунга ҳам афсус, надоматлар бўлади.
— Ижод аҳли ҳақида гап очилганидан фойдаланиб сўрасам, санъаткор ўзида қандай хислатларни ривожлантириши керак, деб ўйлайсиз?
— Энг аввало, самимийликни, одамгарчиликни йўқотмаслик лозим. Назаримда, булар санъаткор учун ғоят зарур хислатлардир. Меҳнат қилиш, яхшилик улашиш ва табиийликка интилавериш керак.
— Демак, санаб ўтганларингиз айни дам шоу-бизнес вакиллари орасида йўқолиб боряпти, шундайми?
— ...шундай деса ҳам бўлади. Бироқ бу ҳамма хонандаларга тегишли эмас. Ёш қиз-аёл санъаткорлар бир-биримиз билан аҳилмиз.

— Ҳақиқий санъаткор бу соз чалишни ҳам биладиганидир, дейишади...
— Саволингизни тушундим, афсуски, мен бирорта ҳам мусиқий асбоб ижросини уддалай олмайман. Аммо ўрганишга ҳаракат қилганман. Фортепиано ва рубоб ижроси бўйича дарс олдим. Сабабини айтолмайман-у, бу иш қўлимдан келмади. Балки булар менга оғирлик қилгандир. Негаки битта соз ижросини ўрганиш катта меҳнатни талаб қилади. Қолаверса, асабингиз ҳам дош бериши керак. Бироқ эплай олмаганидан афсусдаман. Насиб қилса, фарзандларимни кичиклигидан мусиқа дарсларига бераман. Менда бундай имконият бўлмаган-да, эҳтимол шунинг учун ҳам мусиқий асбобларни тушунолмасман.
— Ижод, съёмкалар, гастрол сафарлари, пардоз-андоз, фитнес — булардан ташқари ҳам ўйлайдиганларингиз борми, Ширин?
— Боғдорчиликка қизиқаман. Бу менга бобомдан ўтган. Уйимиз биринчи қаватда жойлашган, олд тарафидаги ҳовлисига икки йил олдин анжир кўчатини эккандим. Іосилга кирди! Ўн донадан бўлса ҳам мева беряпти.
— Туппа-тузук боғбон экансиз-у?
— Бобом боғбон бўлганлар-да, болалигимда уларнинг қилаётган ишларини кузатиб, менда ҳам табиатга, ўсимликларга меҳр пайдо бўлган, назаримда. Менинг бир орзум бор, келажакда «Ширин боғлари»ни яратмоқчиман.
— Ниятингизга етинг! Турмуш қуриш ҳақида ҳам ўйлар бўляптими?
— Фарзандларим бўлишини, уларнинг тарбияси билан шуғулланишни ўйлаганим сайин энтикиб кетаман. Жажжи болакайларни кўрганимда, «Мени ҳам шундай болажоним бўлса эди», дейман.
— Оғиз солаётганлар кўп-ку, атрофингизда ё танлаяпсизми?
— Номзодлар унчалик ҳам кўп эмас (кулибсираб). Сабаби, кўпчилик бизни Фарҳод билан севишганлар деб ўйлайди. Шунгами оғиз солишга иккиланишса керак-да.
— Фотосессия, клиплардаги образингиз турли хаёлларга етаклайди-да. Бунинг устига, бўлажак турмуш ўртоғингиз ҳам кун келиб «Фарҳод билан ўртангизда нима бор эди» дея сўроққа тутиши мумкин.
— Бу жуда қийин масала. Негаки аслиятингизни ўзингиздан бўлак ҳеч ким яхши билмайди. Кимгадир «Ундай эмас, бундай эди», деб бирор нимани исботлай олмайсиз. Нима ҳам дердим, бу тақдир. Пешонамга ёзган инсоннинг кимлигини билмайман-у, лекин кўнглига шубҳа оралаб, мени сўроққа тутганида, уни тушунишга ва муносиб жавоб қайтаришимга ишонаман. Чунки менинг ўзимга бўлган ишончим кучли.
— Яхши. Ана энди «Ёқаверсан» номли қўшиққа ишланган клип ҳақида суҳбатлашсак. Яна илондан фойдаланибсизлар?
— Ҳа! Бу иккинчи мартаси. Менга илон билан ишлаш ёқади. Бу жонивордан сира ҳам қўрқмайман. Инсон нимани ёқтиришига қараб унинг табиатини билиш мумкин деган, гапга мутлақо қўшилмайман.
— Бу бежизга эмасдир?
— Илондан ташқари қарғалар ёқади. Бу қуш менга қиш фаслини эслатади. Кичиклигимда қор ёққанида, бобомнинг боғлари оппоқ гилам билан қопланарди. Кейин қоп-қора қарғалар учиб келиб, тинмай «қағиллашар»ди. Эҳтимол шу дамлар хотирасидир, қарғаларни ёқтиришим.
— Айримларнинг фикрича, болаларча беғуборлигингиз аста йўқолиб бораётган экан?..
— Бўлиши мумкин. Лекин ўзимга сезилмаяпти. Билганим, йиллар, инсоннинг ташқи кўринишидан-да кўпроқ унинг нигоҳларига таъсир кўрсатади.
— Сизни нима ҳайратга сололади?
— Тушкунликда ё бирор муаммодан қийналган одамларга кимдир ёрдам бераётганини кўрсам, ҳаяжоним ортади. Яна ҳам яшагим келади.
— «Яшагим келади» деган жумлани иккинчи маротаба айтяпсиз. Бу сўзни ҳаётида қийинчиликларга дуч келган, ортда қолганини сира унутолмайдиган инсонлар кўп тилга олишади.
— Ҳақсиз! Мен ҳақимда «Ёш бошига нима қийинчилик кўрибди» дейишлари мумкин, аммо синовлар бунга қараб берилмаскан. Нолияпти деманг-у, ҳаётимда кўрган-кечирган қийин дамларим бўлди, шукрки, улардан ўтолдим. Бироқ ўтмишимни сира ҳам унутмайман! Нима бўлганида ҳам ўша дамларнинг ҳам ўз гашти бор эди.
— Ширин, бугунги ҳаётингиз, ижод умуман ўзингиздан қай даражада мамнунсиз?
— Шу кунларга етказганига шукр! Хурсандман, соғ-омонлигимдан мамнунман.
— Ҳамиша шундай бўлсин!
— Айтганингиз келсин.
Ростми ёки ёлғон:
— Туғилиб ўсган туманингизда гўзаллик салони очганингиз ростми?
— Йўқ. Лекин тадбиркорликни эплайман.
— Қайсидир тўйда навбат талашаётган аёл хонандалардан бирининг сочини юлиб олган экансиз. Бўлганмиди шундай воқеа?
— Ҳеч қачон ўзимни бу қадар ерга урмайман.
— Қоматингизни сақлаб туриш учун спорт залига қатнашингиз чинми?
— ...шунақа деса ҳам бўлади.
Қалтис савол:
— Одамлар орасида энг кўп тарқалган миш-мишлардан саралаб олганимиз, сизни турмушга чиққанингизу, аммо буни ҳаммадан яширишингиз ҳақидаги гап-сўз экан. Изоҳ берасизми?
— Оилам бўлса қанийди... Турмушга чиққан деган гаплар асоссиз. Тўйим бўлса, буни ҳеч кимдан яширмайман.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.






