Шўх-шаддод, ҳаётга доим позитив нигоҳ билан қарайдиган Нигина Анорбоева ўзбек кино ва театрининг умидли ёш вакилларидан бири. У экранда ҳам, саҳнадаги фаолиятини ҳам тенг олиб боришга ҳаракат қилади. Актриса билан ўтган йил сарҳисоби, кириб келган йилдаги режалар ҳақида суҳбатлашдик...
— Ҳар бир йил якунлангач, уни сарҳисоб қилиб, бажаришга улгурган ишларимиз таҳлилини қиламиз...
— 2018 йилни одатдагидек оила даврасида, яқинлар қуршовида кутиб олдик. Очиғи, ҳали-ҳануз байрам кайфияти тарк этмади. Бунга асосий сабаб, янги йил энг яхши кўрган байрамларимдан бири. Иккинчидан эса, Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида “Куч адолатда” номли замонавий янги йил эртагида қорқиз ролини ижро этаётганим. Театрга келган болажонларга томоша кўрсатиб, ўзим ҳам эртак қаҳрамонига айланиб қолгандекман. Ўтган йилнинг сарҳисобига келсак, театрда бир қатор ролларни ижро этдим. Учта фильмда иштирок этиб, дубляжда ҳам фаол бўлишга ҳаракат қилдим. Бундан ташқари, бир қатор кўрсатув ва лойиҳаларда бошловчилик вазифасини бажардим. Назаримда, 2017 йил мен учун жудаям сермаҳсул ўтди. Қилган меҳнатларим эвазига эса 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Йилнинг энг яхши театр актрисаси” номинациясига лойиқ кўришди. Ҳар бир ижодкор қилган ишларининг ана шундай эътироф этилишини истайди.

— 2018 йилда нималарни режалаштиряпсиз?
— Тез кунларда режиссёр Музаффар Эркиновнинг “Ҳаёт синовлари” сериалида суратга тушаман. У ерда Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг ёшлигини гавдалантираман. Реал воқеаларга асосланган сериал томошабинларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев бошчилигида театримизда “Зебинисо” спектакли саҳналаштириляпти. Унда ҳам иштирок этаман. Қисқаси, 365 куннинг ҳар бир дақиқасини сермазмун ўтказиш мақсадим бор. Дарвоқе, шахсий ҳаётимда ҳам албатта, режаларим йўқ эмас. Фақат ҳамма сирларни очишни истамайман...

— Сизни доим меҳнатда ва изланишда кўрамиз. 6 ёшингиздан ишлашни бошлаган экансиз, шу ростми?
— Тўғри, ўша пайт илк гонораримни телеканаларнинг бирида бошловчи сифатида ишлаб топганман. “Бугуннинг боласи” ва “Болалигим -подшолигим” кўрсатуви учун яхшигина маош беришарди (кулади). Ҳозир ўйласам, масъулиятни бўйнимга жуда эрта олган эканман. Яхши эслайман, олти ёш бўлишимга қарамай, телевидениега бир ўзим метрода бориб келардим. Мактабга чиққанимдан кейин тасвирга олиш ишларига вақтим тўғри келмай, “касбим”ни ўзгартирганман. Аниқроғи, мактабдаги дарсларим тугагач, ота-онамга ёрдам бўлсин, дея кичкина болаларга энагалик ҳам қилганман.
— Жуда эрта улғайишга мажбур бўлганингиздан афсусланмайсизми?
— Йўқ! Аксинча, ишлаш, уйдагиларимга ёрдам бериш ўзимга ҳам ёқарди. Устига-устак оиланинг тўнғичиман, укамга ўрнак бўлишим керак эди-да.
— Қандай опасиз?
— Бироз қаттиққўл бўлсам керак. Лекин укам билан худди дўстдек гаплашамиз. Ўзимга яраша меҳрибонлигим ҳам бор.

— Турмушга чиққанингиздан кейин сиз ҳақингизда бўлмағур гапларни тарқатишди. Уларни эшитиб, тушкунликка тушиб қолмадингизми?
— Очиғи, бўладиган гап-сўзларга олдиндан тайёр бўлганман. Санъатни ичида юриб, унинг “қаттиқ” нонни еб, эл оғзига элак тутиб бўлмаслигини тушуниб етгандим. Фақат одамлар тарқатган бўлар-бўлмас, ёлғон маълумотлар турмуш ўртоғимнинг яқинларига оғир ботди. Чунки, соҳамизнинг мана шу нозик томонларини билишмасди. Лекин нима бўлганда ҳам бахтимга бировлар рахна солишига йўл қўймайман! Шунинг учун ҳам иродамни мустаҳкам қилиб, гап-сўзларга эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Бугун турмуш ўртоғим, қайнона-қайнотам билан тинч осуда ҳаёт кечиряпмиз. Шунинг ўзи мен учун ҳамма нарсадан устун!
— Бахтингизга кўз тегмасин! Келажакда ўзингиз истагандек, эгизак фарзандларнинг ота-онаси бўлиб юриш насиб этсин. Суҳбат учун ташаккур.
— Раҳмат.
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди






