Ўзбекистон Президенти Хитой элчисини қабул қилди

СИЁСАТ 17.01.2018, 09:45
Ўзбекистон Президенти Хитой элчисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 январь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзени қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Хитой элчисининг фаолияти самарали бўлгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

2017 йил май ойида ХХРга амалга оширилган олий даражадаги ташриф ва икки давлат раҳбарлари эришган келишувлар Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва уни аниқ мазмун билан бойитиш имконини бергани таъкидланди.

Турли даражадаги алоқалар, жумладан, парламентлар ва минтақалараро муносабатлар фаоллашди. Томонлар бир-бирини халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 4,5 миллиард долларга етган. Гидроэнергетика ва нефть-газ тармоғи, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш соҳаларида йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Муҳим минтақавий транспорт йўлаклари – "Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой" автомобиль ва темир йўлларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликдаги ишлар бошлаб юборилган.

Маданий-гуманитар, илмий ва таълим соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Ўз навбатида, Хитой элчиси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, ХХР Раиси Си Цзиньпиньнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Дипломат Хитой ўзаро муносабатларга муҳим аҳамият қаратаётгани, Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканини алоҳида таъкидлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1