1

Бировнинг қўшиғи, бировнинг мусиқаси, биров берган оҳанг, безак ва ишлов ёхуд жонли “плеер”чилик хусусида

МАДАНИЯТ 18.01.2018, 09:34
Бировнинг қўшиғи, бировнинг мусиқаси, биров берган оҳанг, безак ва ишлов ёхуд жонли “плеер”чилик хусусида

Бақироқлик жарчига хос. Лекин санъаткорман, деб даврага чиққан одам жарчи эмас. Унинг овозида шира, жозиба, жилла қурса жиндек иқтидор, ички дард бўлгани яхши. Акс ҳолда... дея «Халқ сўзи» газетаси Навоий вилояти қўшиқчилик мактабини танқид остига олди.

Техника ривожланган бугунги асримизда овозни ҳар мақомга йўрғалатиш мумкин. Бинобарин, устоз кўрмаган шогирд ҳақидаги ҳикмат ҳам аллақачон кўп қирраларни кашф этган...

Тилга олмоқчи бўлган мавзуимиз аслида устоз ёхуд ношуд шогирдлар ҳақида эмас, балки Навоий вилояти қўшиқчилик мактаби хусусида. Шу боис аввал бошданоқ ҳудудда ўзи қўшиқчилик мактаби борми, деган ҳақли саволга жавоб излаймиз.

Ушбу мавзу вилоятнинг икки номдор санъаткори билан бўлган суҳбатда ҳам кўтарилган эди. “Яхши қўшиқлар кўп, улар мухлисларга етиб бормаяпти”, деган эди ўшанда ҳар иккиси ҳам таъна аралаш. Гап қўшиқ эмас, қўшиқчилик мактаби ҳақида борарди. Модомики, улар шуни исташган экан, майли ҳар иккиси хусусида ҳам фикр юритайлик.

Истаган тўйга борамиз, маҳаллий яллачилар, даврага Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов бўлиб кириб, Озодбек Назарбеков, Алишер Файз ва ҳоказолар бўлиб чиқиб кетишади. Бу, эҳтимол тўй эгалари учун маъқулдир. Лекин савол туғилади: Андижон ёки Фарғонада навоийлик қайси хонанданинг қўшиғи даврани “қиздирмоқда”? Тўйбоп қўшиқларимиз ҳам йўқми?! Ёки навоийликларнинг қайси қўшиқлари куннинг хитига айланиб, мобил алоқа компанияси ва ижтимоий тармоқлардан сизу бизни “безовта” қилаяпти. Нима, бу ерда истеъдодлар йўқми, фавқулодда талантлар жуғрофий муҳит танлаб туғилишадими ё?..

Яна вилоятдаги тўй ва давраларга қайтамиз: одамлар эшитаяпти, рақсга тушаяпти баъзилар эса жўшиб, “эй, дўст, худди ўзи-я”, дея олқишлаб ҳам қўймоқда. Афсуски, ана шу ҳолат, яъни бировнинг “худди ўзи” бўлиб юриш ортидагилар учун санъат, асосан, рўзғор тебратиш манбаи бўлиб қолиб, бундай овоз соҳиби фаолиятининг жарчидан фарқи қолмаган. Бировнинг қўшиғи, бировнинг мусиқаси, биров берган оҳанг, безак ва ишлов экан уни тингловчига етказаётган хонанда жонли “плеер” вазифасини бажараяпти холос.

Ҳа, энди отарчи ўз оти билан-да, деган эътироз туғилиши табиий. Тўй азалий қадриятимиз, минг-минг йиллик анъаналарга эга экан, санъаткорнинг унга беписанд қарашини яна нима билан изоҳлайлик? Қолаверса, қўшиқ фақат тўй учунгина яратилмайди. Бинобарин, санъаткор учун ҳам фақат тўй-томоша саҳна эмас.

Чалғиб кетдик, аслида сўз овоз хусусида бормоқда. Демоқчимизки, жозибадор овозлар бор. Шунга биргина мисол: 2011 йил Истиқлолимизнинг 20 йиллиги тантаналари куни вилоят амфитеатрида Феруза Рўзиева “Гўзал диёрим” қўшиғини илк бор ижро этди. Қўшиқ авж нуқтасига чиқиб, енгил пауза билан хонанда нафас ростлайди. Олқиш ёғилиб кетди. Шундан руҳланган хонанда саҳна узра гўё учиб юрибди (ҳамон учмоқда). Хуллас, ўшандан эътиборан шу биргина қўшиқ хонандани танитибгина қолмай, кейин ҳам бир неча оммавий тадбирларнинг “хит”ига айланди.

Бу ўз-ўзидан бўлган эмас. Мазкур қўшиқ яралишидан бир неча ой аввал вилоятнинг ёш, иқтидорли санъаткорлари вилоят ҳокимлигида қабул қилиниб, ҳар бири билан алоҳида самимий суҳбат ўтказилган эди. Шундан сўнг Феруза Рўзиева, Зилола Каримова каби бир қатор ёшлар пойтахтлик бастакорлар билан ҳамкорлик ўрнатишди. Албатта, ҳолва дегани билан оғиз чучимайди. Биз юқорида санаган ёш иқтидорларнинг қўшиқлари қанчадан-қанча бедор тунлар самараси. Лекин пойтахтга бориб санъаткорларнинг қайноқ “кухния”сига кириб олишнинг ҳам машаққати бор.

Навоий шаҳридаги ташкилотлардан бирининг ёнида (шундоқ янги бозор рўпарасида), дарахтлар тагида ҳар шанба ва якшанба кунлари қўшни вилоятлик бир онахон кимтинибгина ёз бўйи помидор, бодринг сотади. Сабаби, бозордан онахонга ўрин йўқ. Ушбу мақолани тайёрлашда негадир шу онахон ёдимга тушаверди. Бир кун ҳеч бўлмаса бозорга яқинроқ жойда сотмаслигининг сабабини сўраган эдим.

— Улар (олибсотарларни назарда тутмоқда — Т.Э.) пачкалаб ерга уришади — айтган нархига бермасам, — деди онахон.

Одатда меҳнатга бўйни ёр бермаган, табиат иқтидордан қисганлар дарров тил топишиб, гуруҳ тузадилар. Ва бундай гуруҳ ҳамда унинг аъзолари ўзларидан бир қадам олдинга ўтаётганларни қайириб ташлаш, уларнинг меҳнатини юзага чиқармасликнинг барча чорасини кўрадилар. Айниқса, ижод билан боғлиқ соҳалар, жумладан қўшиқчиликда бу ниҳоятда чигал жараён. Боиси иқтидорнинг аниқ мезони йўқ. Техника имкони шу қадарки, озгина ҳафсаланг бўлса, элнинг олдига хоҳла Ҳосила Раҳимова, хоҳла Абдулазиз Йўлдошев бўлиб чиқишингни таъминлайди.

Хуллас, шундай қўшиқ ва қўшиқчилик “бизга бўлаверади” тамойилида айримлар вилоятда кунини кўриб юрибди. Муҳими, катта-кичик саҳнага торгина бўлса-да йўлакча топсанг етади. Чиқаверасан, айтаверасан, бирор ўн йил ўтиб, мукофот таъма қилсанг ҳам ҳеч ким эътироз билдиролмайди. Ахир, ўн беш йилдан буён саҳнадасан, “мумтоз ашулаларни маромига етказиб ижро этган,” деган тавсифноманг бор.

Тўғри, санъат элнинг яхши кунларида хизмат қилиши керак. Бироқ хизмат қилсангу санъатдан йироқ бўлсанг, бода ўрнига нуқул сув ичишдай гапда. Натижада депсиниб, ерга мушт ўқталиб, мен буюк юрт фарзандиман, деб жазава билан айтилган қўшиқлар дунёга келмоқда. Уларни байрам репертуаридан олиб ташлаб кўрчи!?

Халкимиз тирикчиликнинг айби йўқ, меҳнат билан топилса ҳар бир сўм она сутидай ҳалол дейди. Аммо тирикчилик, “тирриқчилик” бўлмаслиги керакда. Шунда ҳар бир ҳудуднинг ўз қўшиқчилик мактаби, ўзини хизмат кўрсатиб қўйган санъаткори бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1