Ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда автобус ёнишида ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг оилаларига ёрдам учун ташкил қилинган хайрия акциясининг биринчи кунида 60 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилди. Бу ҳақда акция ташкилотчидаридан бири, блогер Хушнудбек Худайбердиев Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Бунда Ўзбекистондан сўм пластикка ўтказилган, пул ўтказиш хизматлари орқали хориждан юборилган нақд пуллар (ҳали қўлга олинмаган бўлса ҳам) ҳамда PayPal тизими орқали ўтказилган электрон пуллар ҳисобга олинди. «Ҳали биз 60 миллион ичига валюта картасига ўтказилган пулларни қўшмадик, чунки картада SMS-хизмат йўқлиги сабабли ҳисобини била олганимиз йўқ, эртага аниқлаймиз. Демак, мазкур сумма янада ошиши аниқ», — деб ёзади блогер.
21 январь, якшанба куни ташкилотчилардан бири Баҳриддин Чустий Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳокимияти вакиллари билан бир қанча оилаларга ташриф буюрди. Ушбу туманда 21 кишини йўқотган 20 оила истиқомат қилиб, уларнинг 10 таси битта маҳалла «Катта қурама» фуқароларидир. Шу куни жами 12 миллион 300 минг сўм тарқатилди. Бунда: Раҳмонов Омонулло хонадонига 5 000 000 сўм (шароити оғирроқ бўлгани учун); Нишонов Отабек хонадонига 2 500 000 сўм; Ҳошимбоев Нурмуҳаммад хонадонига 2 500 000 сўм; Умаралиев Солижон хонадонига 2 300 000 сўм.
«Хайрия акциямиз давом этади. Ҳозирча дастлабки режаларимиз бўйича, халқимизнинг саҳовати натижасида ҳар бир марҳумнинг оиласига 10 млн. сўмдан ажратишни ният қилганмиз. Шунда тахминан 500 миллион сўмдан кўпроқ маблағ керак бўлади. Умид қиламизки, биргалашиб, ушбу довонни бемалол забт эта оламиз», — қайд этади Хушнудбек.
Сўмда пул ўтказиш учун пластик рақами (исталган миқдорда, чекловлар йўқ):
8600 3104 3723 2663
Хорижий валютада пул ўтказмалари учун пластик рақами:
4847 9907 0722 6123
Иккала карта ҳам Баҳриддин Нажмиддинов номига очилган.
Шунингдек, хориждагилар PayPal тизими орқали ҳам қуйидаги манзилга пул ўтказишлари мумкин:
Саволлар туғилганда Telegram ва WhatsApp орқали +998946119998 (Хушнудбек) рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.