Жиззах вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 2017 йилда 121 минг 805 маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 12 миллиард 245 миллион сўмдан ортиқ жарима солинди.
Маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарган 1 минг 840 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳужжатлар тўпланиб, суд идораларига тақдим қилинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.ТУРСУНОВ ЎзА мухбирига маълум қилди.
– Вилоятда йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиши олдинги йилга нисбатан 4 тага кўпайган, – деди Р.Турсунов. – Ушбу ҳодиса туфайли 116 киши вафот этган. Таҳлилларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг тўртдан бир қисми Тошкент-Термиз йўлида, тунги вақтда, йўлларнинг тўлиқ ёритилмаслиги, светофорлар ўрнатилмагани ёки таъмирга муҳтожлиги, ҳайдовчиларнинг кучли чарчоқ ёки маст ҳолда транспорт воситасини бошқариши туфайли содир бўлган.






