АсосийShou-biznes

Озодбек Назарбеков: “40 ёшимда сочим тўкилди...Аёллар ёмон!” (ФОТО)

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков 6 апрел куни “Менинг бахтим” номли 16 кунлик концерт дастурига сатрт берди. “Бу йил ўнинчи концертим. 40 ёшимнинг 10 баҳорини сизлар билан ўтказдим. Сизлар орқали куйлаш, яшашни ўргандим. Мухлисларимга таъзим қилиб кам бўлмадим! Шу ёшга кириб “Ўз ўрнимни топдимми?” деган савол қийнайди. Назаримда топа олдим, шекилли. Энди эса ўзимни такрорлаб қўймаётганмиканман, дея ўйга толаман. Чунки учрашувларда мухлислар “Қўшиқларингиз бир хил бўлиб кетди”, деган фикрни айтишади. Сизларнинг танбеҳларингизга қулоқ тутиб, ўзимни такрорламасликка ҳаракат қилиб келяпман. Забардаст устозлар сизларни йўқотишдан қўрққан. Улар олдида мен кимман? Шунинг учун хатоларим бўлса кечиринглар!”, дея мухлислар билан самимий саломлашган Ўзбекистон халқ артисти Озодбек НАЗАРБЕКОВ концерт сценарийсиз импровизация асосида эркин олиб борилишини таъкидлади...

“Бағдод” қўшиғи бошланиши билан катта экранда ўз саройида юрган Малика Будур — раққоса Паризода пайдо бўлди. Зум ўтмай эса Малика Будур Бағдоддан Назарбековнинг концертига келиб қолди. Пухта ўйланган мазкур саҳна кўриниши мухлисларнинг қизиқишига сабаб бўлди.

Назарбеков “Лаълихон” қўшиғини куйлаб бўлиши билан сўз устаси Шукрулло Исроилов саҳнага чиқиб, “Озод, куйлаётган қўшиғингни қара! Бозордан сақич олиб, чайнаб келиб-чайнаб кетар Лаълихон... Бир ками сақич ҳақида қўшиқ куйлашинг қолувди”, дея хонандани танқид қила бошлади. Озодбек эса “сақич бу — маълумот, бозор — интернет, чайнаш — “whatsapp”. Бу қўшиқ интернетдан маълумот олиб, ижтимоий тармоқда “чайнайдиган” қизлар ҳақида, дея изох берди. Шу тариқа Шукрулло Исроилов билан бўлган ҳар бир ҳазил чиқиш томошабиннинг юзига кулги улаша олди.

“Келгин гулим” қўшиғи янграши билан зал “портлади”.

“40 ёшда сочим тўкилиб кетади, деб ўйламагандим. Сизлар ёмонсизлар!” дея “Аёллар ёмон” қўшиғини бошлади.

Хаёллар ёмон, хаёллар ёмон,

Жим юриб жонидан севади аёл.

Аёллар ёмон, аёллар ёмон...

“Ҳафа бўламан” қўшиғини куйлаганида деярли барча мухлислар рақсга тушди. Концерт шу кайфиятда давом этди.

P/S: Хонанда бу йилги концерт дастури билан ўзини такрорламади. Мухлисларнинг “Ана энди Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков номига мос тарзда концерт берди!” деган эътирофлари қулоққа чалинди. Ҳақиқатда Озодбек концерт давомида йиғилганларни ўйлата, ўйната ва йиғлата олди. “Жонли ижрода куйлаб, нафақат сизлар, биринчи галда ўзим маза қиляпман. Чунки шу жараёнда — ЯШАЯПМАН!” дея таъкидлади. Фонограммада куйламаслик учун концертда ижро этилган бирорта қўшиқни студияда ёзилмагани ҳам айни ҳақиқат.  

Факт:

  • Саҳна устида қурилган икки қаватли мўъжаз саҳна декорацияси ва катта экрандан унумли фойдаланилди.
  • Концертда жами 24 та қўшиқ куйланди.  
  • Концерт режиссёри Саъдулла Абдуллаев.
  • Дастурда “Офарин”, “Тумор” ва “Паризод” рақс ансамллари иштирок этишди.
  • Озодбек Назарбековнинг уч хил услубдаги либоси дизайнер Дилдора Қосимова томонидан тикилган.
  • Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар