1

Уч йилга озодликдан маҳрум қилинган йигитга чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилди

ЖАМИЯТ 25.01.2018, 17:14
Уч йилга озодликдан маҳрум қилинган йигитга чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилди

Диний экстремистик ташкилотлар фаолиятида иштирок этган, деган айблов билан 3 йилга қамалган Умид Абдуллаевга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, у 4 ойу 22 кунда қамоқдан чиқарилди, деб ёзади ЎзА.

Тўғриси, очиқ суд мажлисида иштирок этганларнинг аксарияти Жиззах вилояти апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг бу тахлит ажрим чиқаришини кутмаган эди. Чунки Умидга анча оғир жиноят – терроризм билан боғлиқ диний экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этганлик айби қўйилган эди.

Пахтакор тумани "Дилором" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 33 ёшли Умид Абдуллаевни оиласида ҳам, маҳаллада ҳам ҳеч ким ёмон йигит демайди. Оилали, икки фарзанди бор. Россия Федерациясида ишлаб юрган пайтида “Туркистон исломий ҳаракати” деб аталувчи диний экстремистик ташкилотга аъзо бўлган шахслар даврасига тушиб қолиб, уларнинг видеотарғибот материаллари билан танишади. Тергов давомида ушбу ташкилотнинг фаолиятида иштирок этган, деб топилади ва бу бир неча гувоҳнинг кўрсатмаси билан тасдиқланади.

Гарчи У.Абдуллаев ўзига қўйилган айбларни қисман тан олган бўлса-да, суд томонидан Жиноят кодексидаги оғир жазо белгилангани, енгиллаштирувчи жиҳатлар ҳисобга олинмагани сабабли ҳукмга норозилик билдирди.

Прокуратуранинг суд ҳукмини ўзгартириш бўйича киритган протести ва У.Абдуллаевнинг адвокати томонидан апелляция тартибида ёзилган шикоят асосида иш қайта кўриб чиқилди. Ишни қайта кўриб чиқишни сўраб, у яшайдиган маҳалла, тумандаги жамоат ташкилотлари ҳам судга илтимоснома билан мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Пахтакор тумани суди биносида ўтказилган вилоят апелляция инстанцияси ҳайъати очиқ суд мажлисида жиноят тафсилоти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Суд муҳокамасида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди томонидан У.Абдуллаевга қонуний жазо берилгани эътироф этилди.

Бироқ суд У.Абдуллаевга нисбатан жазо қўллашда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этишда айбдор ҳисобланган шахсга нисбатан қўлланилган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллиги, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши лозимлиги ҳақидаги талабларга риоя қилмаган. Шунинг учун апелляция инстанцияси ҳайъати прокуратура томонидан протестни, айбланувчининг адвокати фикрларини муҳокама қилиб, уни қаноатлантиришга қарор қилди.

Шу ўринда бундай жиноятлар бўйича ҳар қандай норозилик яқин вақтларгача ҳисобга олинмаганини ҳам қайд этиш лозим.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда таъкидлаганидек, ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

Мамлакатимиз суд тизимида рўй бераётган бундай ўзгаришлар туфайли Умиднинг ҳам адолатга бўлган умиди рўёбга чиқди.

Вилоят апелляция инстанцияси судлов ҳайъати мазкур жиноят ишидаги енгиллаштирувчи жиҳатларни, маҳалладан берилган ижобий тавсифномани, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, “Нуроний” жамғармаси туман бўлимининг илтимосномаларини инобатга олиб, У.Абдуллаевга чиқарилган ҳукмни ўзгартирди.

Унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

У.Абдуллаев 2017 йил 2 сентябрдан 2018 йилнинг 23 январи, яъни апелляция судига қадар 142 кун – 4 ой 22 кун қамоқда ўтирди. Суд унинг қамоқда ўтирган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишларининг уч кунига тенглаштириб, жазонинг 1 йилу 2 ой 6 куни ўталган, деб ҳисоблади. Қолган 1 йилу 9 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилиб, у суд залидан озод қилинди.

– Аввало, Президентимизга мен каби адашган фуқароларни кечириб, хатоларини тузатишга имкон яратиб бергани учун чин юракдан раҳмат айтаман, – дейди Умид Абдуллаев. – Менга ишонч билдириб, жазони енгиллаштиришни сўраб судга мурожаат қилган ота-онам, маҳалла, жамоат ташкилотларининг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Ватанимга содиқлигимни ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан исботлайм
ан.

Умиднинг оиласи бағрига қайтиши унинг ота-онаси, оиласи, болалари, яқинлари, дўстлари қалбига нечоғли қувонч бағишлаганини тасаввур этиш қийин эмас. Аммо ушбу ҳаяжонли воқеага гувоҳ бўлганлар, давлатимиз томонидан инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида қаралаётгани суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда акс этаётганини таъкидлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1